Жорий йилда молиявий хизматлар ҳажми 20 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Яқинда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда ўрта бизнес учун Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил қилинди.
Шунингдек, илк бор базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банклари ишга тушади. Уларга аҳолидан депозит қабул қилиш, тўловлар ўтказиш, хорижий валютада қарз маблағлари жалб қилишга рухсат берилмоқда.
Шуларни ҳисобга олиб, келгуси йилда молиявий хизматларда 30 фоиз ўсиш қилиб, унинг ҳажмини 140 триллион сўмга етказиш муҳимлиги таъкидланди.
Келгуси йилда халқаро капитал бозорларида 500 миллион долларлик “евробонд” жойлаштиришга кўрсатма берилди.
“Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида ўз микро-бизнесини йўлга қўйган ва ижобий кредит тарихига эга аҳолига 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар бериш йўлга қўйилади.
Ҳозирда 2 миллион 400 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилувчи сифатида рўйхатдан ўтган.
Йиғилишда уларга бизнесга биринчи қадам учун кредит бериш таклифи билдирилди.
Бунда, йиллик 340 минг сўм ижтимоий солиқ тўлаган аҳолига имтиёзли кредит ажратилиб, “онлайн” усулда банк картасига ўтказилади.
Бундан ташқари, фаолиятини кенгайтириб, тадбиркор бўлиш истагидаги аҳолига 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади, 50 фоизи банк картасига ўтказиб берилади.









