Вақтининг аксарият қисмини Tik-Tokда ўтказаётган ёки чекиш, ичкилик, беҳаё нарсаларга берилиб кетаётган ёшлар ҳам чиқиб қоляпти. Биз ҳозир глобал рақамли дунёда – атроф интернет, медиа ва инсон онгига бемалол кириб борувчи кучли технологиялар билан тўлган замонда яшаяпмиз. Бу хатарни тўғри қабул қилишимиз ва табиийки, ёшлар онгини муҳофаза қилиш чоралари ҳам шунга муносиб бўлиши керак.
Аҳолининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қиладиган бизнинг каби мамлакатларда миллий қадриятлар асосида ёшлар онгини шакллантириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ахир бир неча йилдан сўнг улар катта ҳаётга қадам қўйиб, келгусида жамиятимизнинг қайси тарафга ўзгаришини белгилаб берадилар. Тўғри тарбия топган авлодни эса Ватанга дахлдорлик, бирлик, масъулият каби туйғулар жипслаштиради. Ватанпарварлик ҳисси ва фуқаролик масъулияти ҳар кимнинг билими, қадриятлари, ҳис-туйғулари, хулқ-атворида намоён бўлади.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсатининг асосий мақсадларидан биридир.
Ушбу йўналишда бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг мафкуравий билимларини юксалтириш мақсадида “Амир Темур издошлари” ҳарбий-ватанпарварлик спартакиадаси ўтказилди. Унинг доирасида:
- “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси;
- “Ёшлар ва қонун” ҳуқуқий танлови;
- “Ёш қутқарувчи” мусобақаси;
- “Тўмарис издошлари” танлови;
- “Шунқорлар” муcобоқасининг “мактаб – туман (шаҳар) – вилоят – республика” босқичларида ташкил этилиб, 1 миллионга яқин ёшлар иштирок этишди.
– Яна бир танлов 2 та ёш тоифасида (14-18 ёш,
19-30 ёш) маҳаллалардаги ёшларнинг барча қатламлари ўртасида “маҳалла – туман(шаҳар) – ҳудуд – республика” босқичларида “Ёшлар ва қонун” ҳуқуқий танлови ўтказилди.
– 9-май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан барча маҳаллаларда “Инсон қадри улуғ – хотира муқаддас”, “Мардлик ва жасорат – ҳамиша барҳаёт” шиорлари остида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Шунингдек, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ёшлар иштирокида 22,4 мингта тарғибот тадбирлари, хусусан, “Уч авлод учрашувлари”, маданий-маърифий тадбирлар, тарғибот акциялари, тасвирий санъат кўргазмалари, ижодий кечалар, давра суҳбатлари, очиқ осмон остидаги миллий кинолар намойишлари, танловлар ва оммавий спорт мусобақалари ташкил этилиб, тадбирлар доирасида 1 млн. 283 минг нафар ёшлар ва нафақадаги ҳарбийлар қамраб олинди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13 январ куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлари ва кўрсатмаларидан келиб чиқиб, Республика миқёсида барча ҳудудларда ҳар чоракда 10 кунлик махсус дастур асосида “Жасорат мактаби” ҳарбий-ватанпарварлик йиғинларини ўтказилиши режалаштирилган ҳамда бугунги кунга қадар республика миқёсида жами 32 маротаба ҳарбий-ўқув йиғинлари ўтказилиб, улар доирасида 3 078 нафар хулқ-атвори оғир бўлган ёшлар соғломлаштирилди, уларнинг бандлиги таъминланди.
Мисол учун:
– Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани, “Газнон” маҳалласида яшовчи Умаралиев Асадбек кўчада ишсиз бўлиб, нима қиларини билмасдан, майда безорилик қилиб, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобига олинган.
Наманган вилоятидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган “Жасорат мактаби” лойиҳасига жалб этилиши унинг тўғри йўлга кириб, маҳаллада ҳақиқий лидер бўлиши, “Газнон” маҳалласининг ёшлар етакчиси лавозимигача тайинланди. Шунингдек, Наманган давлат университетининг спорт факультетига ўқишга кириб, 2023 йилнинг июнь ойида 1 ойлик ҳарбий хизматга ҳам бориб келгани унинг келажакка бўлган қараши ва ишончини бутунлай ўзгартирганини кўрсатади.
– Жиззах вилояти, Зафаробод тумани, “Чўлугулустон” маҳалласида яшовчи Суннатбек Очилов жиноятга мойил ёшлар тоифасида бўлган.
2022 йил Жиззах вилояти гарнизонида ўтказилган “Жасорат мактаби”нинг учинчи мавсумида иштирок этган. Ушбу ёш ҳарбий йиғинда ёш тадбиркорлар гуруҳида тахсил олиб, йиғиндан сўнг Микрокредит банкидан 33 млн сўм имтиёзли кредит олган ва ҳозирда тумандаги IT марказини ташкил этиб ўз фаолиятни йўлга қўйиб бандлиги таъминланди.
– Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ҳамда қатор вазирлик, идоралар ҳамкорлигида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да 7 кунлик алоҳида дастур асосида “Ватанпарварлар” тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳини ташкил этиш йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг июнь ойида оромгоҳга старт берилиб, бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий вилояти, Самарқанд вилоятидан жами келган 1 200 нафар ёшларга алоҳида дастур асосида машғулот, тренинг ва семинарлар ўтказилди.









