Ватанимиз байроғи жаҳон шоҳсупасида

    Фикр 14 ноябр 2023 672

    Ҳар бир мамлакат унинг суверенитетининг тимсоли бўлган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга бўлади.

    18 ноябрь – «Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғриси»даги қонун қабул қилин кун

    Давлат рамзи турли мамлакатлар халқларини тўлқинлантирувчи маълум ғояларни, тушунчаларни, ҳиссиётларни, интилишларни ифодалайди. Шу туфайли ҳам давлатлар қадим замонлардан бери энг ифодали тасвирий ҳамда товушли рамзларга муҳим аҳамият бериб келганлар.

    Эндиликда ер куррасидаги мавжуд бирон-бир давлатни ўз рамзларисиз, хусусан, ўз байроғисиз тасаввур қилиш қийин. Ҳозирда 200 дан ортиқ давлатлар ўзларииинг хилма-хил, ранг-баранг байроқларига эга. Байроқлар мамлакатлар кундалик ҳаётида катта аҳамият касб этиб, улар авваламбор давлатнинг расмий идоралари, алоҳида тижорат корхоналари, ташкилотлари, ҳарбий ва савдо кемаларида кенг қўлланиб келинади. Давлат байроқларидан ташқари, миллий, халқаро ташкилотлар, савдо ва ҳарбий байроқлар ҳам мавжуд бўлади.

    Ўзбекистон мустақиллигининг қўлга киритилган дастлабки куниданоқ юртимизнинг рамзларини белгилаб олиш борасидаги ишлар жадаллашди. Ўзбекистон давлат байроғи, герби чизмаларини тайёрлашда республикамизнинг таниқли рассомлари, тарихчилари, санъатшунослари, бадиий тасвир ва графика усталари, маданият ва санъат арбоблари, ҳуқуқшунослик ва бир қатор соҳа мутахассисларидан таркиб топган комиссия ишлади. Давлатмизнинг байроқ ва туғроси тасвири умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилиб, танлов эълон қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VII сессиясида 1991 йил 18 ноябрида тасдиқланиб, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун билан мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасида қайд қилинганидек, давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланган давлат байроғи фақатгина давлатнинг тимсолигина бўлмай, балки унга миллий тимсоли сифатида қаралмоғи лозим.

    Мазкур қонун давлат байроғининг тасвири, унинг қўлланиш тартиби, уларга риоя қилиш билан боғлиқ масъулият юклатилган жавобгар шахсларни белгиловчи қоидалар мустаҳкамланган ҳуқуқий ҳужжатдир. Жумладан, қонуннинг 5-моддасида давлат байроғи доимий суратда кўтарилиши лозим бўлган ташкилот, идоралар; маросим ҳамда тадбирлар кўрсатилган. 8-моддада эса давлат байроғи қай ҳолатда осилиши кўрсатилган бўлиб, унга асосан у 45 градус бурчак ҳосил қиладиган тарзда кўтарилиб, ердан камида 2,5 метр баландликда бўлиши керак. Ҳуқуқий ҳужжатнинг 11-12-моддаларида қонунда баён этилган талабларга риоя қилиниши учун масъул раҳбарлар ҳамда ташкилотлар қайд этилган.

    Давлатимиз байроғи миллий-маданий анъаналаримизни ўзида тўлиқ мужассамлаштирган. “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун 1991 йил 18 ноябрида қабул қилинганидан сўнг, унга 1999, 2005, 2010, 2019, 2023 йилларда айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг моҳияти хусусида тўхталадиган бўлсак, аввалом бор давлат байроғининг доимий равишда айнан қандай биноларда, қандай идораларнинг мажлислар залларида, қандай мансабдор шахсларнинг хизмат хоналарида, қонун ҳужжатлари билан белгиланган байрамлар, сайлов ва референдум кунларида қаерларда, қандай маросимлар пайтида кўтарилиши аниқ ва батафсил белгилаб берилган.

    Жумладан, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун Президент томонидан 2023 йил 8 июлда имзоланган қонунга кўра, Давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилди, Жумладан байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида; байроқдан спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарни нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчилар дафн маросимларида;халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлаш учун байроқнинг тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш мумкин.

    Мазкур Қонун билан байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланди. Хусусан, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш; бирор бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш; столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш; кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш; байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакка, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқариш ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.

    Давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан белгиланган талабларга мувофиқ фойдаланиш учун масъулият Қонун билан байроқдан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари зиммасига юклатилган.

    Албатта, байроқ – давлат рамзи. У билан Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси ҳар қанча фахрланса арзийди. Аммо давлат байроғини суиистеъмол қилиш, унинг элементларини нодавлат ташкилотлар ҳужжатлари реквизитлари ёки реклама материалларига киритиш мумкин эмас. Чунки демократик жамиятда давлат ташкилоти билан нодавлат ташкилот
    бир-биридан кескин фарқланади, яъни нодавлат ташкилотларга давлат номидан иш юритиш ҳуқуқи берилмайди. Зеро шундай экан, нодавлат ташкилотлар бланкалари ва бошқа реквизитларида (жумладан, ходимларга бериладиган гувоҳномаларда) давлат байроғининг акс этиши қонунга хилоф ҳисобланади. “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг олдинги ҳолатида бу қатъий қоида акс этмаган эди. Аммо байроқ қабул қилингандан бери ўтган йиллар мобайнида жамоат ташкилотлари бланкалари, бундай идоралар ходимларига берилган гувоҳномалар саҳифаларида давлат байроғини акс эттириш кучайиб кетган эди. Шу сабабли бундай ўзбошимчаликларга чек қўйиш учун унинг ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди.

    Давлат байроғимиз эндилиқда халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллаган Ўзбекистонни намоён этаяпти. Давлатимизнинг байроғи жаҳоннинг Европа, Америка, Осиё, Африка қитъаларидаги турли давлатларнинг пойтахтларида, унинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналар биноларида мағрур ҳилпираб турибди, Давлатимизнинг бу рамзини БМТ жойлашган бино олдидаги БМТга аъзо давлатлар байроқлари орасида кўриш, айниқса, қувончлидир. Эндиликда қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳлари пештоқида ҳам давлатимиз байроғини кўришимиз мумкин. Туркий давлатлар ташкилотининг 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи саммитида ташкилот котибиятиятининг биноси олдида асрий мустаҳкам қардошлик ришталари рамзи сифатида давлатимиз байроғи баланд кўтарилди. Зеро айнан ушбу устувор йўналишларнинг жадал тараққий этиши халқларимиз умумий фаровонлигига ва аҳолининг турмуш даражаси юксалишига хизмат қилади.

    Ўзбекистоннинг иқтисодий, маданий, ижтимоий ютуқларини хорижда тарғиб қилаётган халқаро кўргазмаларда, турли спорт мусобақаларида ҳам давлат байроғимиз тез-тез кўтариладиган бўлиб қолди. Мустақиллик йилларида ўзбек халқининг давлатимиз рамзларига бўлган туйғулари юксак равишда ортиб бормоқда. Ватанимизнинг кўплаб ўғил ва қизлари ер куррасининг турли чеккаларида ўтказилаётган жаҳон спорт ареналарининг, фан олимпиадаларида совринли шохсупаларга кўтарилиб, уларда давлат байроғимизни кўришимиз бизни ниҳоятда тўлқинлантиради.

    Бундан ташқари ҳамюртларимизнинг халқаро маданий тадбирларда рассомларимиз, санъаткорларимиз, айниқса ўзбекистонлик кўплаб ёшларимизнинг турли танлов ва кўргазмаларида байроғимизнинг баланд парвозидаги чеҳраларини кўриш қалбимизда ғурур туйғуларини ҳам юксалтиради.

    Байроғимиз кенг нишонланадиган умумхалқ байрамларимизнинг ажралмас бир қисми бўлиб қолди. У байрамларимизга ўзгача шукуҳ, тароват бағишлаб, обод шаҳар ва қишлоқларимиз ҳуснига ҳусн қўшиб, озод юртимизнинт умрбоқийлиги, ёруғ кунларимизга ишонч ва юксак ватанпарварлик туйғуларини ифода этади. Айниқса, Тошкент шаҳридаги «Халқлар дўстлиги» майдонида, Шомаҳмудовлар ёдгорлиги яқинида Ўзбекистондаги энг катта 65 метрлик давлат байроғининг ўрнатилиши Ўзбекистоннинг саҳоватли заминида яшаётган 140 га яқин миллат ва элатларларнинг муштарак мақсад сари бунёд этаётган фаровон ҳаёти, юртимиздаги тинчлик ва осуда ҳаётнинг рамзий тимсолидир. 2021 йил 31 август куни истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументидаги байроғимиз эса янги тараққиётимиз бардавомлиги, давлатимиз абадийлигининг тимсолини ёрқин намойишидир.

    Байроғимиз республикамизнинг муқаддас рамзидир. У мамлакатимизда қонун билан муҳофаза этилган. Байроқни ардоқлаш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининғ шарафли бурчидир.

    М. Ўразалиев,

    тдюу профессори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates