Бугун жаҳон иқтисодиётида кескин рақобат муҳити устувор. Жамият талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни молиялаштириш амалиёти ҳам кескин рақобатдан ҳоли эмас. Бунда шубҳасизки, банк тизимининг роли юқори.
Тижорат банклари фаолияти бизнесга асослангани боис улар самарадорлигини таъминлаш нафақат миллий, балки хорижий тижорат банклари ҳамда ҳукуматларининг ҳам доимий диққат марказидаги масалалардан биридир. Бунда эса ўз-ўзидан банк тизимининг трансформацияси муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳон иқтисодиётидаги молиялашув ва рақамлашув шароитида Ўзбекистон миллий банк тизими трансформацияси борасида сўнгги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда Президентимиз раислигида шу йил 20 ноябрь куни банк тизимида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари муҳокамаси бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, соҳани ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги уч йилда банклар капитали 1,8, йиллик кредит ажратиш ҳажми эса 2 баробарга кўпайди. 4 та банк илк бор “евробонд” чиқариб, халқаро капитал бозорларидан 1 миллиард доллар ресурс олиб келди. Ипотека-банкка стратегик хорижий инвестор жалб қилинди. 13 та янги хусусий банк ташкил этилди, Венгрия, Қозоғистон ва Грузиянинг нуфузли банклари юртимизда фаолият бошлади. Онлайн банк хизматлари ҳажми 2,7 баробарга ошди.
Таҳлилларга кўра, 2010 йиллардан бошлаб молиявий технологияларга асосланган Fin-tech компаниялар жаҳон молия бозорида фаоллашди. 2018 йилга келиб бундай компаниялар рақамли амалиётлар туфайли юқори самарадорликка эга эканлигини намоён этиб, маълум бир молиявий амалиётлар бўйича тижорат банкларига рақобатлаша бошлади. Ана шундай бир шароитда тижорат банклари рақамли трансформацияси зарурати кун тартибига чиқди. Натижада тижорат банклари томонидан Fin-tech компанияларини қўшиб олиш ёки молиявий технологияларга асосланган рақамли банк маҳсулотларини жорий этиш кескин ривожланди. Ушбу жараёнда глобал пандемия шароитида банк хизматларини кўрсатиш зарурати ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
Хориж анъанавий банкларининг юқори суръатда рақамли банкларга трансформациялашуви шароитида мамлакатимиздаги тижорат банклари трансформацияси глобал рақобатга киришишда муҳимдир. Бунда хусусий банклар трансформацияси асосан рақамли трансформацияга йўналтирилса, давлат иштирокидаги тижорат банклари трансформацияси иккита йўналишда ташкил этилади. Булар, биринчиси, банк активларида хусусий банкларнинг улушини кескин оширишга эришиш, иккинчиси, рақамли трансформация амалиётидир.
Айни йўналишларда, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Банк тизимида хусусий сектор улушини оширишга қаратилган амалий ишлар давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк активларида хусусий сектор улушини 60 фоизгача етказиш бўйича тараққиёт стратегиясида белгиланган алоҳида мақсад ижроси томон интилишни ўзида намоён қилади. Шунингдек, онлайн банк хизматлари ҳажмининг 2,7 баробарга ошгани банк тизими рақамли трансформациясидаги дастлабки натижалардир.
Шуларга қарамасдан банк тизими трансформациясида эътибор қаратилиши ва амалга оширилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳамон мавжуд. Қолаверса, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган банкларни хусусийлаштириш ва давлат ихтиёрида 3–4 та банкни сақлаб қолиш, банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкларини жалб қилиш; банкларга халқаро тан олинган минимал стандарт ва талабларни жорий қилиш орқали меъёрлар ва назорат базаларини такомиллаштириш каби вазифалар ижросини таъминлашда банк тизими трансформациясини жадаллаштириш муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Республикамизда 2023 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, умумий банк активларида давлат иштирокидаги банклар улуши 69 фоизни ташкил этмоқда. Тижорат банклари капиталида эса 67 фоизи давлат улушидир. Давлат иштирокидаги банклар фақатгина 35 фоиз кредитлар депозитлар билан таъминланган, қолган 65 фоиз кредитлар эса давлат ресурслари ҳисобидан амалга оширилган. Мана шундай шароитда хусусий банклар рентабеллиги давлат иштирокидаги банклар рентабеллигига нисбатан 3,5–4 баробар юқори.
2023 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, тижорат банкларимиз 8,2 триллион сўм соф фойдага эришган. Бунда эътиборни тортадиган жиҳат шундаки, айнан 8 та хусусий тижорат банки энг юқори фойдага эришган 10 та тижорат банки рўйхатидан жой олган. Хусусан, Капиталбанк 1 триллион 129 миллиард сўмлик соф фойдага эришган бўлса, Ҳамкорбанк 915,2 миллиард, Трастбанк 595,5 миллиард сўмлик соф фойда билан дастлабки тўққиз ойни якунлаган. Улардан фақатгина Ўзмиллийбанк фойдаси юқори бўлиб, 1 триллион 244 миллиард сўмлик фойдага эришган. Ваҳоланки, хусусий банклар капитали миқдори давлат иштирокидаги банклар капиталига нисбатан кескин паст. Буни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Мазкур рақамнинг ўзиёқ давлат иштирокидаги банклар фаолияти самараси пастлиги ва банк тизимида хусусий сектор самарадорлиги юқори эканини тасдиқлайди. Ва ўз-ўзидан тижорат банклари капиталидаги давлат улушини хусусийлаштириш заруратининг нақадар долзарблигини кўрсатади.
Йиғилишда давлат улушига эга тижорат банкларини хусусийлаштиришга тайёрлаш, уларнинг қимматли қоғозларини IPOга чиқариш борасида ҳам таклифлар билдирилди. Бу борада халқаро молия институтлари аллақачон жалб қилинган. Банк акцияларини IPOга чиқариш орқали аҳолини инвестор, яъни акциядорга айлантириш, пировардида эса юртдошларимизнинг акциялар воситасида даромадга эга бўлишини таъминлаш истиқболда уларнинг турмуш фаровонлиги юксалишига ҳам хизмат қилади. Бундай эзгу мақсадга эришиш учун банклар инвестицион жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, давлат иштирокидаги банклар акциялари “Тошкент” республика фонд биржасида номинал қийматдан ҳам паст даражада сотилаётган бир вақтда хусусий банклар акциялари ўз номиниал қийматидан бир неча баробар юқори сотилмоқда. Давлат иштирокидаги банклар акциялари инвестицион жозибадорлигини таъминлаш, аҳоли ва инвесторлар қизиқишини ошириш мақсадида, биринчи навбатда, қонунчилигимизда белгиланганидек соф фойданинг камида 50 фоизини дивидендга йўналтириш асосида аҳолининг акцияларга қизиқишини ошириб бориш муҳим. Шунингдек, хусусий банклар томонидан қўлланилаётган чораклик ёки ярим йиллик дивидендлар тўлаш амалиётини давлат иштирокидаги банкларда ҳам қўллаш бевосита аҳолининг тижорат банклари акцияларига қизиқишини кескин ошириш билан бирга, давлат улушини юқори қийматда хусусийлаштиришга ҳам имкон беради.
Бошқа томондан эса, банклар акцияларининг дивиденд тарзидаги даромади иккиламчи қимматли қоғозлар бозорининг ривожланишига хизмат қилиши натижасида аҳоли ва инвесторлар акцияларнинг бозор баҳоси ошишидан ҳам даромадга эга бўлади. Пировардида давлат иштирокидаги тижорат банкларида ҳам акциялар воситасида арзон молиявий ресурс жалб қилиш имконияти ортади. Яъни биз кўпинча гувоҳ бўлаётган акцияларни номинал қийматда жойлаштириш орқали фақатгина устав капиталини оширишга эришиш ўрнига акцияларни номиналдан юқори бозор баҳосида жойлаштириш ҳисобига ҳам устав капитали, ҳам қўшилган капитални ошириш имкониятига эришилади.
Бу борада хорижий банклар фаолияти таҳлил қилинганда, улар хусусий капиталида устав капитали бор-йўғи 7–10 фоизни ташкил этиши, қўшилган капитал, хусусан эмиссион даромад 70–80 фоиз атрофида эканлигига гувоҳ бўламиз. Афсуски, бизда давлат иштирокидаги тижорат банклари хусусий капитали таркибида акцияларни номинал қийматидан юқори бозор баҳосида жойлаштириш ҳисобига шаклланадиган қўшилган капитал миқдори 5 фоизга ҳам етмайди. Бу ҳолат ўз-ўзидан акциялар афзаллигидан давлат иштирокидаги банклар етарлича фойдалана олмаётганини кўрсатади.
Айни йўналишда ҳам хусусий банклар амалиёти анча самарали. Банклар, умуман, акциядорлик жамиятларининг инвестицион жозибадорлиги таъминланишидан биринчи навбатда, тижорат банклари ва бошқа акциядорлик жамиятлари манфаатдор. Кейин эса инвесторлар, хусусан ўз жамғармаларини акцияларга йўналтирадиган аҳоли манфаатдорлиги намоён бўлади. Ва бундан молия бозори ривожланиши орқали миллий иқтисодиёт фақат ва фақат ютади.
Инвестицион жозибадорлик таъминланган ҳолатдагина тижорат банклари томонидан ўтказилиши кутилаётган акцияларни аҳоли ўртасида оммавий жойлаштириш, яъни халқчил IPO амалиётининг муваффақияти кафолатланади.
Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаш лозим. Мамлакатимизда реал сектор корхоналари томонидан ўтказилган акцияларни оммавий жойлаштириш амалиёти якунлангач, инвесторлар билан ўзаро манфаатли муносабатлар давом эттирилди, дея олмаймиз. Мазкур жиҳат халқчил IPO амалиётига аҳолининг қизиқишига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун тижорат банклари томонидан халқчил IPO ўтказиш жараёнида акциялар оммавий жойлаштирилганидан кейин ҳам акциядорга айланган инвесторлар – аҳоли билан дивидендлар воситасида муносабатлар ўзаро манфаатли тарзда амалга оширилишига ишонч уйғота олиши ва унга амал қилиши лозим бўлади. Бунда банклар томонидан ҳисобот даври якунлари бўйича инфляция омилини ҳисобга олган ҳолда бозор даромадлилигидан келиб чиққан ҳолда дивидендлар тўлаб борилиши, биринчи навбатда, инвесторлар розилигига хизмат қилади.
Шу билан бирга, банкларнинг қўшимча арзон молиявий ресурс жалб қилишга қаратилган қўшимча акциялари чиқарилиши ва уларнинг муваффақиятли жойлаштирилишида ўзига хос реклама вазифасини ҳам ўтаб беради.
Алоҳида таъкидлашимиз лозимки, рақамли трансформация самарадорлиги тижорат банкларида акциядорлик капиталига эгалик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда фарқ қилади. Яъни хусусий банклар рақамли трансформацияси операцион харажатларни кескин қисқартиришга хизмат қилмоқда ва бу ўз навбатида, соф фойданинг ўсишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Давлат улуши мавжуд тижорат банклари рақамли трансформацияси эса операцион харажатларнинг жиддий равишда камайишига олиб келмаяпти. Бундан ўз-ўзидан банк тизими трансформациясида мулкка эгаликнинг давлатдан хусусий секторга трансформацияси бирламчи экани намоён бўлади. Шу боисдан банк тизимини хусусийлаштириш ва хусусий банкларнинг молия бозоридаги фаоллигини ошириш охир-оқибат тизим самарадорлиги ўсишига хизмат қилади. Натижада 2030 йилга қадар мамлакатимиз банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, банк омонатлари ҳажмини 4 баробарга ошириш мақсадларига эришиш имконияти ортади.
Умуман олганда, банк тизими трансформацияси ва хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш Ўзбекистондаги тижорат банкларининг глобал рақобатга киришишида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, миллий иқтисодиётни фаол молиялаштириш орқали иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Самариддин ЭЛМИРЗАЕВ,
Банк-молия академияси кафедра мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор









