Маълумки, Президентимиз 16-17 ноябрь кунлари ҳудудлар иқтисодиёти, муҳим ижтимоий дастурлар ижроси билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятида бўлди. Эътиборли жиҳати, бу давлатимиз раҳбарининг жорий йил ҳисобидан юртимизнинг жанубий вилоятига учинчи ташрифи ҳисобланади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бир йилда воҳага уч бор ташрифнинг боиси муаммолар кўлами билан боғлиқми ёки ислоҳотлар шиддати биланми?
Давлатимиз раҳбари раислигида 17 ноябрь куни Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ўтказилган йиғилишда ушбу саволга билвосита жавоблар берилди. Жумладан, “Халқимиз яхши ҳаёт кечирсин, оғири енгил бўлсин, деб Сурхондарёга шу йилнинг ўзида учинчи маротаба жуда катта ниятлар ва аниқ режалар билан келдим”, – деди Президентимиз. Вилоят жуда катта иқтисодий салоҳият, ерости ва ерусти бойликлари, мард, меҳнаткаш халқига эга эканига алоҳида эътибор қаратилиб, афсуски, ҳозирча бу салоҳиятнинг ярмидан ҳам фойдаланилмаётгани, шунинг учун ҳам ҳудудда зарур шароитлар яратиб, иш ўрни, инвестиция, экспорт ва тушумни карра-карра ошириш лозимлиги таъкидланди.
Шу боис келгуси йили 1,5 миллиард доллар миқдорида инвестиция олиб келиниб, саноат йўналишида 12 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилади. Экспорт 500 миллион долларга етказилиб, 100 миллион долларлик импорт қисқартирилади, асосийси, 400 минг аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
Вилоятга инвестиция жалб қилиш ва саноатни ривожлантириш учун асослар етарли. Бу, биринчи навбатда, воҳадаги мавжуд конларни ишга солиш билан боғлиқ. Хусусан, Сариосиёда қўрғошин, рух, олтин ва оқ мармар, Бойсун ва Сариосиёда кўмир, Шерободда калий ўғити захираларини ўзлаштириш янги қувватлар барпо этилиши, минглаб янги иш ўринларини ташкил этиш орқали вилоят ривожида янгидан-янги имкониятлар яратади. Президентимиз йиғилишда айни масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Тоғли ҳудудларда геология-қидирув ишларини кенгайтириш вазифаси қўйилди.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбари ташриф доирасида вилоят аҳолиси учун муносиб иш ва турмуш шароити яратиш, иқтисодиёт ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишар экан, айни йўналишда яна бир қатор устувор вазифаларни белгилаб бердиларки, бу айни пайтда вилоятимизда кечаётган улкан бунёдкорлик жараёнига янгича руҳ, шиддат бериши билан аҳамиятлидир. Ва ҳақли равишда воҳа аҳлининг чексиз қувончи, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланишига сабаб бўлмоқда.
Дарҳақиқат, бугун кўз ўнгимизда вилоятда бўлаётган ўзгаришларни юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги бунёдкорликларга нисбатан салмоқлироқ, десам муболаға эмас. Боиси, кечаги Сурхондарё бугун таниб бўлмас даражада замонавий қиёфа касб этиб, кундан кунга ривожланаётган, тамомила бунёдкорлик авж олган ҳудудга айлангани кишини қувонтиради.
Сурхон воҳасида кўплаб саноат корхоналари ишга туширилаётгани, янгидан-янги замонавий мактаб ва шифохоналар қад ростлаётгани, айниқса, маҳаллаларнинг тобора обод бўлиб бораётгани замирида, энг аввало, инсон ва унинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам.
Замонавий лойиҳалар истиқболи
Вилоят миқёсида жорий йил давлат дастурлари асосида 942 миллион долларлик лойиҳаларга қўшимча равишда 420 миллион долларлик 100 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Натижада 30 мингта янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, Олтинсой ва Денов туманларида қиймати 150 миллион долларлик 5 та лойиҳа доирасида кўмир қазиб олиш йўлга қўйилиб, нафақат вилоятнинг кўмирга талабини қондириш, балки экспорт имконияти яратилмоқда.
Термиз туманида базальт хомашёсидан минерал вата ҳамда фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарилиши бошланди. Шеробод туманида эса калий заҳираларидан фойдаланиб, салоҳиятли хорижий инвесторлар томонидан 700 миллион долларлик инвестиция жалб этилиши ҳисобига йилига 1 миллион тонна калий ишлаб чиқариш қувватига эга 3 та йирик корхона борпо этилди.
Ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг ўзида 1 минг 500 километрдан ортиқ ички йўллар таъмирланди. Жумладан, 350 километр ички йўлларга асфальт, 1 минг 170 километрга шағал ётқизилди. Ҳозирги кунда вилоят бўйича 376 та трансформатор ўрнатиш ва 817 километр янги тармоқлар тортиш ишлари якунига етказилмоқда. Термиз шаҳри, Сариосиё, Денов, Қумқўрғон, Жарқўрғон ва Шўрчи туманларидаги юқори кучланишли подстанциялар реконструкцияси ҳам якуний босқичда.
Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Бу борада ҳам вилоятда хайрли ишлар қилинмоқда. Чунки 700 километрдан ортиқ ичимлик сув тармоғи ва 95 та сув иншоотини қуриш орқали 87 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади. Шунингдек, 77 минг нафар аҳоли хонадонига илк бор марказлашган ичимлик сув етказиб берилади.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи доирасида айни йўналишдаги йирик лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилди. Маълумки, Президентимиз 2021 йили вилоятга ташрифи доирасида “Тўпаланг” сув омбори аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш борасида улкан ва тоза манба эканини таъкидлаб, уни аҳолига етказиш бўйича лойиҳа тайёрлаш вазифасини қўйган эди.
Мазкур топшириқ асосида ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, сув омборидан то Термиз шаҳригача 380 километр металл қувурлар тортилади. Унинг 159 километри магистрал, 221 километри шаҳар ва туманларни боғловчи ички тармоқлардир. Шунингдек, сув тозалаш, босимни камайтириш ва сув йиғиш иншоотлари қурилади.
Бугунги кунда 147 километр қувур тортиб бўлинди. Сув тозалаш, босимни камайтириш ва 5 та сув йиғиш иншооти барпо этилди.
Лойиҳанинг шахсан давлатимиз раҳбари иштирокида ишга туширилган биринчи босқичида сув Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борди. Бу орқали вилоятимиз аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан қамрови 70 фоизга етди.
Озиқ-овқат барқарорлигидан кўнглимиз тўқ
Биз ҳозир иқлим ўзгаришлари ҳамда бутун дунё бўйлаб мураккаб вазият юзага келган бир шароитда яшаяпмиз. Табиийки, бундай шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришиш муҳим масала ҳисобланади. Бундай вазиятда, албатта, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига талабини қондириш, бу турдаги маҳсулотлар экспортини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Қишлоқ хўжалиги масаласини алоҳида эътиборга олиб, тез-тез муҳокама қилиб бораётганимиз бежиз эмас. Чунки бу иқтисодиётимизнинг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган муҳим соҳа. Бунинг замирида халқимиз фаровонлиги, нарх-наво барқарорлиги, қанча иш ўринлари ётибди”.
Вилоятимизда ушбу соҳа ҳам мутасаддиларнинг доимий эътибор марказида. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, кейинги бир-икки йил ичида Музработ ва Шеробод туманларидаги узоқ йиллардан буён фойдаланилмай ётган 35 минг гектар ер майдони қайта ўзлаштирилди. Бу ерларда пахта, ғалла ва шоли етиштириш йўлга қўйилди. Худди шундай ислоҳотлар самараси ўлароқ, Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида ҳам 20 минг гектар ер майдонини ўзлаштириш ҳисобига картошка ва мева-сабзавот экинлари етиштириш кўзда тутилган. Албатта, бундай йирик ҳажмдаги ишларни амалга оширишнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу ишга тадбиркорлар кенг жалб этилмоқда. Улар томонидан 100 миллион доллардан кўпроқ тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилади ва 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Халқаро ҳамкорлик
Вилоятга хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Масалан, яқинда вилоят делегацияси Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтди. Ғоят самарали бўлган ана шу ташриф давомида қиймати 727 миллион долларлик келишувларга эришилди. Худди шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси томонидан амалга оширилаётган қуввати 457 мегаваттлик қуёш электростанциясининг биринчи босқичи жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.
Бу ҳам, албатта, одамларнинг турмушини енгиллаштиришдан ташқари, уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам ҳудудда салмоқли ишлар амалга ошириляпти. Натижада яқин-яқингача ижарама-ижара юрган ёки 4-5 оила бир ҳовлида тиқилиб яшаган одамлар ўз уйи, Ватан ичра ўз “ватан”ига эга бўлмоқда. Эътиборли жиҳати, бундай бахтга эришаётган юртдошларимиз салмоғи юқори. Биргина жорий йилнинг ўзида 10 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилгани фикримиз тасдиғидир.
Шунингдек, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ўқувчи-ёшлар учун замонавий шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларга тўхталадиган бўлсак, таълим муассасалари қурилиши учун 300 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилиши эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлди. Натижада вилоятда 140 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари, 20 та мактабда спорт зали, шунингдек, 36 та янги давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланғич синф ўқувчиларининг бепул овқат билан таъминланиши ота-оналарнинг кўнглидаги гап бўлди.
Гапнинг сарасини айтганда, бугунги Сурхондарё кечаги Сурхон воҳасидан йириклашаётган иқтисодиёти, қўшилган қиймат занжирига асосланган саноати, қулай инфратузилмаси, тобора кўркамлашиб бораётган шаҳар ва қишлоқлари билан тубдан фарқланади. Давлатимиз раҳбарининг 16-17 ноябрь кунлари вилоятимизга ташрифи доирасида белгиланган устувор вазифалар ижроси эса, воҳа тараққиётининг янги ривожланиш босқичига асос яратиши, эрта-индин сурхондарёликларнинг турмуши бугунгига нисбатан фаровон бўлишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Дилфуза ЖЎРАЕВА,
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати











