Суғурталанмаган нафс 5 миллион сўмни хазм қила олмади

    Шоқаюм Ваҳобов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йилдан буён Андижон вилояти туманларидан бирида мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири бўлиб ишларди. Бошида у тиришқоқлиги ва ташаббускорлиги билан ном қозонди.

    Бироқ вақт ўтгани сайин қилиқ чиқара бошлади. Айниқса, биров пул узатмаса ишини битирмайдиган одат чиқарди. Аммо бир кун келиб панд ейиши аниқ эди…

    Иш кунларининг бирида Шоқаюм туман марказида юрганида “Alskom sug‘urta kompaniyasi” АЖга қарашли сотув бўлими ходими Улуғбек Пўлатов унга рўбарў келди:

    – Ака, бир ҳафтадан бери сиз билан кўришолмайман. Анави айтган масалам ҳали ҳам ҳал бўлгани йўқ, нима қиламиз?

    Шоқаюм мактаб ўқувчиларини бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш ҳақида гап кетаётганини англаб, ҳайрон бўлганича сўради:

    – Зариф шуғулланаётган эди-ку бу масала билан?

    – Зариф ака сотилган суғурта полисларини ҳам бекор қилиб юборди негадир, – деди Улуғбек.

    Шоқаюм мурожаатлар билан ишлаш бўлими мутахассиси бўлиб ишловчи ходими Зарифнинг нима учун бундай қилганини билса-да, ўзини билмаганликка олди.

    – Нимадир сабаб бўлгандир-да шунақа қилишига… Буёқда кунда меҳмон, кунда турли харажатлар… Зариф билан қанақа шартнома қилгансизлар ўзи?

    – Ҳеч қанақа. Мудир билан гаплашинг деганди…

    – Ана! Бир маслаҳатга келмагансизлар! Ўшанинг учун тўхтаб қолган иш. Агар шартларимизга кўнсангиз, бу ишни ҳал қиламиз. Бўлмаса хафа бўлиш йўқ, ука! Илтимос билан келаётган компаниялар жуда кўп…

    Улуғбек унинг нима демоқчи эканини тушунди:

    – Ака, ҳар қанақа шартга розимиз. Фақат бу иш шундай қолиб кетмасин, юриштириб юборайлик!

    Шоқаюм қамчини босадиган пайт келганини англаб, очиғини сўраб қўя қолди:

    – Тумандан қанча тушум қилишни мўлжаллагансиз ўзи?

    – Йигирма миллионча… Ўзи йигирма миллионлик полисларни тумандаги мактабларга тарқатиб, ўн беш миллионини йиғиб ҳам қўйганмиз…

    – Унда бундоқ қиламиз. Сиз ўша йигирма миллионнинг беш миллионини олдиндан берасиз. Яқинда Россиядан меҳмон келади бизга, ўшанга ишлатамиз. Шунга рози бўлсангиз, эртанги йиғилишда Зарифга топшириқ берамиз, директорлардан йиғиб беради пулни.

    Улуғбек рози бўлди. Шоқаюм ови бароридан келаётганидан хурсанд бўлганича ўз хонасига бориб, Зарифни чақиртирди.

    – Ҳалиги суғурта ишлари нима бўлаяпти? Битта йигит келиб юрганди-ку?

    – Сиз бир гап айтмаганингизга, йиғилган пулларни директорлардан олмай турибман…

    – Эртага йиғилишда айтаман, ҳамма директорлар пулни олиб келиб беради сенга. Шу ишни охирига етказиб берайлик!

    Шоқаюм эртаси куни тумандаги барча мактабларнинг директорлари ҳамда бўлим ходимларига йиғилиш ўтказиб, унда асосий масалалар келишиб олингач, ўқувчиларни бахт­сиз ҳодисалардан суғурта қилишга сиёсий тус берган ҳолда директорларга пул йиғиш бўйича топшириқ берди. Албатта, бунга Зариф Қосимов масъул эканини айтишни ҳам унутмади.
    Бир ҳафтага қолмай пул йиғилди. Бу орада Шоқаюм Улуғбекка қўнғироқ қилди:

    – Ука, биз ваъдани бажариб пулни йиғиб қўйдик. Индинга сизга айтган россиялик меҳмонлар келаяпти. Уларнинг овқати, яшаши… Хуллас, анча харажатим бор. Кечки пайт ёнингизга Зариф боради, ўша куни келишилган пулни бериб юборасиз!

    – Хўп, келишдик!

    Шоқаюм шу заҳоти Зарифни хонасига чорлади ва унга Улуғбек ишлайдиган компания манзилини бериб, кечки пайт беш миллион сўм пул олиб келиши кераклигини тайинлади.

    Зариф айтилган вақтда компания ходими билан қўнғироқлашиб, унинг хонасига кириб борди. Пакетга ўралган пулни олиб, энди ташқарига чиқмоқчи эди, қаршисида уч-тўрт киши пайдо бўлди-ю…

    Бари чаппасига айланиб кетди. Зариф иштирокида тадбир давом эттирилиб, Шоқаюм ҳам ўз уйида ундан пулни олаётганида ушланди…
    Жиноят ишлари бўйича Избоскан тумани судида Шоқаюм Ваҳобов ва Зариф Қосимовнинг жиноят иши қўриб чиқилди. Бири пора олиш, иккинчиси воситачилик қилишга урингани учун озодликдан маҳрум этилди.

    Рустам АЗИМОВ,

    Андижон вилояти прокурорининг ёрдамчиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates