Бироқ, Республика болалар ортопедия маркази директори Акбар Тиляковнинг айтишича, ҳомиладаги 5 турдаги ортопедик нуқсонни скрининг текшируви орқали аниқлаш мушкул.
Уларни бола туғилганидан сўнг зудлик билан бартараф этиш талаб этилади. Акс ҳолда, бу нуқсонларни даволаш учун оператив муолажалар зарур бўлади.
Хўш, улар қайсилар?
- Чаноқ-сон дисплазияси,
- туғма бўйин қийшиқлиги,
- туғма маймоқлик,
- туғма сколеоз,
- кўкрак қафаси деформациялари.
Ҳомила она қорнидалигида ундаги бу камчиликларни аниқлаб бўлмайди. Чунки боланинг бўйни ёки умуртқаси аслида ҳам қийшиқми ё унинг ўзи қийшиқ ҳолатда ётибдими, буни билишнинг имкони бўлмайди. Фақат фарзанд туғилганидан кейингина уларни аниқ кўриш мумкин.
— Бу касалликларни чақалоқ икки ойлик бўлгунига қадар бартараф этиш керак, — дейди А.Тиляков. — Негаки, бу даврда унинг суякларидаги нуқсонни тўғрилаш осон кечади. Кейинчалик суяклар қотиб мустаҳкамланиши оқибатида даво чораси сифатида операция таклиф этилади.
Мутахассис бу каби касалликларни олдиндан аниқлаш ва даволаш самарадорлигини ошириш бўйича ҳам таклиф билдирди:
— Барча янги туғилган чақалоқлар 2 ойлик бўлганида, поликлиникаларга биринчи марта эмлаш учун олиб келинади. Бу ерда улар педиатр томонидан кўрикдан ўтказилади. Бизнинг таклифимиз шундайки, чақалоқларни педиатр билан бирга невропатолог ва ортопед ҳам кўрикдан ўтказсин. Шунда улардаги ортопедик касалликларни эрта аниқлаб, бартараф эта оламиз. Оператив муолажалар учун кетадиган ортиқча маблағ ва оворагарчиликларнинг олдини олган бўламиз.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.









