Ўқувчини мактабдан мактабга онлайн кўчириш мумкин

    Ўқув йили якунланмоқда. Янги ўқув йилида фарзандини бошқа мактабга кўчириш истагида бўлган ота-оналар нималарни билиши керак?

    — Янги мактабга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

    — Йилнинг исталган вақтида мактабни ўзгартириш мумкинми?

    — Битирувчи синф ўқувчилари ҳам таълим муассасасини ўзгартира оладими?

    Yuz.uz таҳририяти обуначилари шу каби саволлар йўллаган. Қуйида мавзу юзасидан батафсил сўз юритамиз.

    Ўқувчини бошқа мактабга қайси вақтда ўтказиш мумкин?

    Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга. Ота-оналар мактаб директори номига фарзандини бошқа мактабга ўтказилишини сўраб, сабабини келтирган ҳолда ариза ёзади. Ариза бир иш кунида кўриб чиқилади ва кетиш талони берилади.

    Янги мактабга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

    Ота-оналар болани қубул қиладиган мактаб директори номига ариза ёзиб унга кетиш талонини илова қилади ва шу куннинг ўзида келиш талони берилади.

    Ўқувчи ўзи билан қандай ҳужжатларини олиб кетиши керак?

    Янги мактабдан олган келиш талонини олдинги мактабга тақдим этган ўқувчи шу куннинг ўзидаёқ мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилади. Ота-онага ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, ўқувчининг баҳолар табели ва ўқувчининг тиббий картаси топширилади. Яна бир маълумот битирувчи синф ўқувчилари ҳам ўқишни бир мактабдан бошқасига кўчириши мумкин.

    Аризани онлайн тўлдириш имкони борми?

    Ҳа, албатта. My.gov.uz да жорий қилинган хизматдан фойдаланиб, ота-оналар ўз фарзандини юртимизнинг исталган ҳудудидаги мактабдан Тошкент шаҳар ҳамда Қорақалпоғистон республикаси ва вилоят марказидаги мактабларга онлайн кўчириш имкониятига эга.