Ўткир нигоҳли ва ижтимоий муаммоларга фаол муносабат билдириб келаётган журналист сўнгги 10 йиллик ижодини қайта бир тафтиш-сарҳисоб қилади, турли йилларда чоп этилган ўттизга яқин сара мақолалари, ҳикоялар ва теленовеллаларни жамлаб, китобхонга тақдим этади.
“Аллаю эртак тинглаб улғайсин фарзанд” номли мақолада бугунги кунда аёллар эмас, асосан қўл телефонлари алла айтаётгани, эртак сўзлаб бераётгани, меҳрсиз ва ўзига ишончсиз авлод камол топаётганидан куюнади. “Интернет ижобий ёки салбий...ми?” мақоласида хаёллари ўқиш билан эмас, балки интернетнинг олди-қочди сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги фойдасиз ишлар билан банд, ёлғонлар оғуда ўсаётган ёшлар эртага юртимизнинг ижтимоий-иқтисолий ва маънавий-маданий тараққиётига ўз ҳиссасини қўша оладими?, деган ҳақли савол қўяди.
“Табиб Тангем, қизиқувчан Тьян Юй ва Аросатда қолган насиба...” мақоласида телеканалларимизда хорижий сериаллар тобора кўпаётгани, уларнинг беадад маънавий зиёни ҳақида бонг уради ва уларга қарши мукаммал ва таъсирчан миллий сериалларни кўпайтириш, бу хайрли ишга кўпроқ ресурс ва эътибор ажратиш зарурлигини уқтиради.
“Ватан манзаралари”да юртимиздаги қудратли бунёдкорлик салоҳиятини баён этиб, “Аслида юрти севиш улуғвор сўзларда эмас, балки эзгу амалларда кўринади. Бундай ўзгаришлар ҳар бир инсон қалбида ўзгача ҳиссиётлар, юртдан фахрланиш, гўзалликдан завқланиш туйғусини уйғотади”, дея якуний хулоса беради.
“Ўзимизникидан қўймасин” мақоласида эса миллий мультфильмларнинг беқиёс аҳамиятига, тарбиянинг бошланғич нуқтасига эътибор нечоғлик зарур ва бирламчи эканига катта урғу беради: “Болаларингиз билан хорижий мултьфильмларни томоша қилсангиз, асосий қаҳрамон қиз ёки аёлнинг танаси ярим очиқлигини кўриб, кичкинтойларга шуни намуна қилаётганидан уяласан киши. Ёки қиз ва йигитнинг бемалол бир-биридан бўса олишлари яққол тасвирланган саҳналарни кўриб, беихтиёр телевизор пультини бошқа каналга босишга мажбур бўласиз. Бола барибир бола-да. Нимани кўпроқ кўрса, шунга тақлид қилади”.
“Топганинг тўйга буюрсин, аммо...” мақоласида фалончидан кам бўлмай, писмадончидан ортда қолиш ярамайди қабилида ҳамда молу давлатини кўз-кўз қилишга берилиб кетганлар, оқибатда мамлакат миқёсида оилавий бахтсизликлар ва қўйди-чиқдилар тобора кўпайиб бораётгани ўткир танқид тиғи остига олинар экан, муаллиф шундай ёзади: “Тўйни кимўзарга дабдабабозлик даражасида эмас, режа асосида нишонлаш кишининг маънавиятини акс эттириш билан бир қаторда, жамиятни, халқни ортидан эргаштиришга сабаб бўлади. Тўй қилишда меъёр, тежамкорлик энг мақбулидир”.
Умида Мамадалиеванинг азалий даҳолик қудрати мужассам бўлган, неча-неча алломалар мангу қўним топган, соф ҳавоси, бетакрор табиати, саррин шаббодаси кўнгилга сурур бағишлайдиган қадимий Самарқанд шаҳри ҳақидаги мулоҳазалари айниқса эътиборга молик.
Бетакрор рақс санъатимиз, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғуси, китобхонлик тарғиботи борасидаги аянчли оқсоқликлар, соғлом оиланинг камолоти сирлари, мулоқот одоблари, жамоат транспорти муаммолари, ҳайдовчилик масъулияти, ижод машаққатлари, чет элдаги ватандошларнинг мусофирлик изтироблари, хориж сафарларидаги юрт соғинчи каби туйғулар Умиданинг алоҳида мақолалари мавзуларидир. Уларнинг барчасида болалик беғуборликлари, ижодий профессионаллик, ватанпарварлик ҳисси билан йўғрилган.
Умида тўпламдан жой олган “Миси чиққан тўй”, “Мен сизларга ишониб”, “Яхшилик ерда қолмас” ҳикоялари ва қатор теленовеллаларида инсоннинг беқарор табиати, энг нозик оилавий муносабатлар, миллий қадриятларни ранг-баранг образлар ва қиёфалар ифодасида, юқори ижодий маҳорат билан очиб беради.
Китоб ҳар бир мавзуга дахлдор расмлар билан бойитилган, равон ва тушунарли тилда ёзилган. Ушбу тўплам қўлига эндигина қалам олиб, журналистика соҳасига кириб келаётган журналистлар, мактаб ўқувчилари, қўйингчи, ҳар бир оиланинг китоб жавонини безайдиган муҳим манбаа бўлиб хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.
Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси








