Иқлим қалқони

    Бугун экилаётган кўчатлар азим дарахтларга айланиши учун илмий асосланган суғориш тизими керак.

    Глобал иқлим ўзгаришлари шароитида бугунги кунга келиб атроф-муҳит ва ҳавонинг ифлосланиб бораётгани бутун дунё ҳамжамиятини ташвишлантирмоқда. Шу билан бирга, табиатдаги бундай салбий ўзгаришлар инсон саломатлиги, яшаш шароити, экотизим бузилиши ва чўлланиш даражасининг ошишига олиб келмоқда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бунинг олдини олиш мумкинми? Инқирозни фақат ва фақат дарахт экиб, боғ-роғлар барпо этиб, табиат мусаффолигини асраш орқалигина бартараф этиш мумкин. Айнан шунинг учун ҳам Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга ошириляпти. Лойиҳаси доирасида 2030 йилга бориб юртимиздаги ўрмонзор ва бутазорлар майдони 6,1 миллион гектарга етказилади.

    Эзгу лойиҳадан қандай мақсад кўзланган?

    Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган. Демак, 5 йилда 1 миллиард туп дарахт кўчати ва буталар экилади. Бундай кенг кўламли ташаббус орқали барча давлат идоралари, корхоналар, таълим муассасалари ҳудудида 440 дан ортиқ яшил боғ барпо этилади.

    Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрь куни “Яшил макон” лойиҳасининг кузги дарахт экиш мавсумини эълон қилди. Юртимизда ушбу ҳаракат бошланганига 2 йил бўлди. Шу даврда 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди.

    Йиғилишда 25 октябрдан 1 декабргача, яъни 45 кун давом этадиган лойиҳанинг навбатдаги мавсуми доирасида мамлакатимиз бўйича режалаштирилган 85 миллион манзарали дарахт кўчати ва буталар экилиши бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

    Илмий тадқиқотларга қараганда, бир гектар майдондаги боғ бир кеча-кундузда 200–275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180–215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлаш учун етарли бўлади. Шунинг учун ҳам дарахтлар, боғлар, умуман, яшилликни ўша ҳудуднинг “ўпка”си деймиз. Навоий, Олмалиқ, Ангрен каби саноатлашган шаҳарлар ва вилоят марказлари, шу жумладан, пойтахтимизда Айлант дарахтини экиш тавсия қилинади. Негаки, саноатлашган ва йирик шаҳарларда транспорт воситалари кўп ва улардан нисбатан кўп заҳарли газлар тўпланади. Айлант дарахти эса айнан ушбу заҳарли газларни ютиб, ҳавони тозалайди. Уни сассиқ дарахт ёки Хитой шумтоли, деб ҳам аташади. Дарахтнинг ўзига хос устувор жиҳатларидан яна бири, кўп сув ва парвариш талаб қилмайди.

    Унутмаслик керакки, глобал иқлим ўзгаришлари салбий оқибатларини юмшатиш, чанг-тўзонлар кўтарилишининг олдини олиш, умуман, нафас олаётган ҳавомизни тозалаш каби эзгу мақсадларга қаратилган “Яшил макон” лойиҳаси фақат кўчат экишдан иборат эмас. Бинобарин, ҳозир экилаётган ниҳоллар азим дарахтларга айланиб, табиатимизнинг жонли қалқонига айланиши учун, халқимиз таъбири билан айтганда, анча-мунча “қовун пишиғи” бор. Чунки йилига 200 миллионнинг ўрнига 2 миллиард туп кўчат эксангиз ҳам, унга қаров бўлмаса, кўчатлар илдиз отиб кетишига илмий ёндашилмаса, келаси йил чўпга айланади, яъни кўзланган мақсадимизга асло эриша олмаймиз.

    Кези келганда таъкидлаш ўринлики, барча ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос дарахтларни танлаб экиш, ўсиб ривожланиши бўйича бажариладиган комплекс агротехнологияларни бажариш лозим. Айтайлик, сизот сувлари сатҳи ҳамда шўрланганлик даражаси юқори ҳудудларга илдизи ва баргларидан буғлантириш вазифасини бажарувчи дарахтларни экиш мақсадга мувофиқ. Негаки, ана шундай дарахтлардан, масалан 100 туп тол дарахти экилса, 91,9 минг метр куб, шунча терак дарахти экилганда эса, 82,9 минг метр куб туз миқдори юқори шўрланган сувларни буғлантириб, сизот сувлари сатҳини пасайтириш, ўз навбатида, шўрланиш даражасини камайтириш имкониятини юзага келтиради.

    Бу жиҳат шуниси билан ҳам аҳамиятлики, мавсумий зах босган, сизот сувлар яқин, шўрланган ерларда тупроқ – грунт намлиги ошгани сабабли бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги камаяди. Шунинг учун ҳам бундай ҳудудларда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида боғлар барпо этиш, айниқса, илдизи ва баргларидан буғлантириш хусусиятига эга дарахтларни ўстириш “биодренаж” усулини қўллаш лозим.

    “Yashil makon” платформаси амалда

    “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кузги мавсумини ташкил этиш масалалари бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Айниқса, ислоҳотлар муваффақиятига эришишда катта масъулятни зиммасига олган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси мамлакатимизда эълон қилинган кузги дарахт экиш мавсумида фаол қатнашмоқда.

    Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида экилган кўчатлар ҳолатини электрон тизим орқали назорат қилиш бошланди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан арбарис, дендролог, тупроқшунос, агроном олимлардан иборат эксперт гуруҳи ташкил қилинди. Бунга қўшимча равишда ҳар бир ҳудудда амалий ёрдам ва мониторинг гуруҳлари тузилди.

    Вазирлик таҳлил марказида лойиҳа доирасида экилаётган кўчатлар ҳолати онлайн режимда мониторинг қилиб борилади. “Yashil makon” платформасида ҳозир туман, вилоят штаблари экилган кўчатларнинг тури, нави, қайси субъект эккани, қаерга экилгани ва парваришини таҳлил қилиб боради. Демак, ҳар бир кўчатнинг эгаси, масъуллари бор. Бириктирилган масъуллар экилган кўчатларни япроқ ёзиб, азим дарахтга айлангунча кафолатли иш олиб боради. Бугунги кунга қадар экилган 91 миллион тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатларининг 62 миллиони “Yashil makon” платформасига киритилди ва бу ишлар тизимли давом эттирилмоқда.

    Яшиллик олами бу – соғлом ҳаёт

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уломалар кенгашининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, шу асосда ҳудудларни ободонлаштириш, кўчат ва гуллар экишни тарғиб этишга қаратилган баёнотида “Яшиллик олами бу – тоза ҳаво, соғлом ҳаёт, узоқ умр ва саноат ривожидир” дейилади. Ҳар бир инсонни унга ато этилган неъмат – табиатни авайлаш, атроф-муҳитни озода сақлаш, муҳофаза қилишга чақиради.

    Дарҳақиқат, Аллоҳ инсониятга унга ато этилган неъмат – табиатни асраб-авайлаш, ундан меъёрида, мақсадли фойдаланишни буюрган. Бу барчамизда табиатга нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, атроф-муҳитни озода сақлаш ва муҳофаза қилиш, мусаффолигини асраш туйғусини оширади.

    Уйларимиз, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш халқимизнинг яхши одатларидан. Мана, неча асрларки, бу урф-одат авлоддан-авлодга ўтиб, юртдошларимиз турмуш тутимида ўз ифодасини топмоқда. Аммо сўнги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашгандек гўё. Шу боис, давлатимиз раҳбари бу масалага маҳалла фаоллари, нуронийлар, уломалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчиликни эътибор қаратишга даъват этиб, “Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”, деган эди.

    Сувчилар боғи барпо этилмоқда

    Кўчат экиб, боғ яратиш азалдан савобли иш ҳисобланган. Мевасидан одамлар барака топган, манзарали дарахтлардан дили баҳра олган, ёғочидан қурилишда фойдаланилган.

    Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги тоғли Ғижол қишлоғидан Сув хўжалиги вазирлигига 42 гектар ер майдони ажратилган. Сувчилар бу ерда 21,5 минг туп бодом кўчати экиб, “Сувчилар боғи” бунёд этишни бошлаб юборди. Шу муносабат билан ташкил этилган ҳашарда вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари билан бир қаторда, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олим ва мутахассислари ҳам фаол қатнашди.

    Албатта, тоғ олди ҳудуди ёки лалми жойда дарахт ўстиришнинг ўзи бўлмайди. Сувчилар бунинг ҳисобини олишган. Яъни, пастдан оқиб ўтувчи сойдан насос орқали сув чиқарилиб, ҳовуз қурилади ва кўчатларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, қатор ораларига тўқсонбости экинлар, боғ атрофига терак кўчатлари экилади.

    Ҳамма дарахтни сувга яқин жойга экишни истайди. Чунки сувсиз кўчат унмайди. Сув хўжалиги тизимида эса дарахт кўкартириш учун имкониятлар бисёр. Барча ҳудудларда сув хўжалиги ташкилотлари тасарруфидаги канал, ариқ ва зовурлар ёқалари, ҳимоя минтақаларида кўчат экишга шароит бор. Яна бир жиҳатни эътиборга олиш керак. Сувчилар азалдан сув бўйларига кўчат экиб келишган. Бунинг учун улар кўчатни ўзлари кўпайтирган. Деярли барча сув хўжалиги ташкилотларида кўчатхоналар бор. Шу сабабли лойиҳа доирасида сувчилар ички имкониятни ишга солмоқда.

    Янги экилган дарахтларни суғориш тизими усуллари

    Юқорида айтиб ўтганимиздек, кўчатни экиб қўйиш билан иш битмайди. Умид билан ерга қадалган ҳар бир ниҳол авж олиб ўсиши, азим дарахтга айланиши учун унга доимий парвариш, энг муҳими, суғориш тизими керак.

    Президентимиз шу йил 11 август куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ишлари жойларда ўз ҳолига ташлаб қўйилганини танқид қилиб, кўчатлар суғориш тизими йўқ ҳудудларга экилгани сабабли 10 миллиондан ортиқ янги экилган ниҳол нобуд бўлганини ачиниб гапирди. Дарахт-бута ўсимликлари илдиз тизими атрофига доира шлангалар ёрдамида суғориш усули мавжуд. Бундай усул кўчатларга сарфланадиган сув миқдори ҳамда муддатини бир неча маротаба қисқартиришга имкон яратади. Ўсимликларни автоматик суғоришда доира шаклидаги диаметри 1,5 миллиметр шланглардан фойдаланилади. Тупроқни намлантириш учун сарфланадиган сув миқдори ўсимлик илдизининг чуқурлигига боғлиқ. Бунда ёш кўчатларни суғориш учун кўчат айланасидаги ҳар бир квадрат метрга 40 литр, 5 ёшдан катта кўчатларга 60 литр, 10 ёшдан катталарига эса 40 литр сув сарфланади. Кўчатларни суғориш давомийлиги ва сув сарфи миқдори тупроқнинг механик таркибига ҳам боғлиқ. Агар тупроқ қумоқ бўлса, ҳар бир суғоришда сув миқдорини камайтириб, тез-тез суғориш талаб этилади.

    Янги экилган кўчатларни суғориш давомийлиги ва миқдори уларни парваришлаш ва шу асосида сақлаб қолиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

    – бўйи 3 метрдан юқори кўчатлар экилганда, бир сотих ер майдонига 85 литр сув сарфланиб, 5-7 кун давомида суғорилади. Қўлда бир сотих ерни суғориш вақти 30 дақиқа ва автомат усулда 6 дақиқани ташкил қилади.

    – бўйи 1 метргача бўлган буталар экилганда, ҳар бир сотих ерга 2 литр сув сарфланиб, 1-2 кун давомида суғорилади. Бу қўлда 15 дақиқа, автомат усулда эса 3 дақиқани ташкил қилади.

    – бўйи 1,5 метргача бўлган буталар учун эса сотихига 6 литр сув сарфланиб, 1-2 кун суғорилади.

    Баъзида сувсизлик туфайли ердан нам қочиб, экилган дарахтларнинг нобуд бўлишига гувоҳ бўламиз. Деҳқончиликда гидрогел номли восита бор. У шу каби муаммоларнинг олдини олишга ёрдам бериши аниқланган. Ҳозирги вақтда гидрогель ва унинг фойдали хусусиятлари ҳақида тўлиқ маълумотлар кам. Гидрогель – ўзига нам тортувчи, юқори бўкувчанлик хусусиятига эга синтетик полимер восита ҳисобланади. У тупроқ таркибида кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлаш имконини беради. Ҳозирги вақтда олимларимиз томонидан республикамиз тупроқ-иқлим шароитига мос гидрогелларни айнан дарахт ва буталарни экишда тўлиқ фойдаланиш бўйича тадқиқотлар ўтказилмоқда.

    Лойиҳа бажарилишида илм-фан ва амалиёт узвийлиги

    Давлатимиз раҳбари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси, тупроқшунослик ва ўрмончилик йўналишидаги ва бошқа институтлар олим ва мутахассислари иштирокида Республика штаби тузиб, қачон, қаерда ва қанча миқдорда кўчатларни ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос экилишини таъминлаш, суғориш тизимини йўлга қўйиш, кўчатларни тўғри парвариш қилиш каби вазифаларни белгилаб берганди.

    Маълумки, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти дренаж қурилмалари, сув муаммолари, суғорма деҳқончилик, мелиорация ва тупроқ захланиши, шўрланиши каби бир қатор масалаларни ўрганиб, бугунги тупроқ-иқлим шароитида қурғоқчиликнинг олдини олишда экиладиган қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил етиштириш бўйича илмий асосланган хулосалар, тавсиянома ва қўлланмалар бериш бўйича ягона илмий маскан ҳисобланади.

    Бугунги кунда институтимизда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари режаси қаторида “Яшил макон” умуммиллий лойҳаси доирасида экилаётган манзарали ва мевали дарахт кўчатлари учун илмий асосланган суғориш тизимини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳавий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

    Институт олим ва мутахассислари томонидан ҳудудларда экилаётган дарахт кўчатлари, буталарни суғоришнинг илмий асосланган тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш бўйича тайёрланган ушбу илмий-амалий лойиҳа айнан юқоридаги муаммолар ечимига қаратилган. Ўтказилган тадқиқот натижаларига асосан, энг биринчи навбатда, ҳудудларнинг иқлим шароитига мос, ерларнинг шўрланиш, ботқоқланиш даражасини пасайтиришга мойил дарахт ва буталар танлаб олиниб, уларни экиш, кўпайтириш ҳамда ўсиб ривожланишини таъминловчи илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилади. Электр энергияси ва сув ресурслари тақчил ҳудудларда дарахт ва буталарни суғоришда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинади. Бундай жойлардаги катта магистрал йўл четларида қуёш панелларидан фойдаланиб, артезиан қудуқларини ишга тушириш, томчилатиб суғориш тизимини такомиллаштириб, онлайн тизимда бошқарилишини таъминлаш бўйича тавсияномалар тайёрланади.

    “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бажарилишини таъминлашда фаолият кўрсатаётган қатор вазирлик ва идораларнинг мутахассислари билан биргаликда ушбу илмий тадқиқот ишларини мақсадли лойиҳа йўналишида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Тошкент давлат аграр университети ва Халқаро қишлоқ хўжалик университети олим ва мутахассислари билан ҳамкорликда манзарали дарахт ва буталарни суғоришда илғор, замонавий технологияларни жорий қилиш ҳам зарур. Бу масалада фақат бугун эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзланган мақсадимизга эриша олмаймиз. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, айниқса, дарахт экишга қаратилган умуммиллий лойиҳани амалга ошириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Айтиш жоизки, мамлакатимиз ва бутун дунёдаги вазият экологик муаммоларга мана шундай тизимли ёндашувни тақазо этмоқда.

    Ғиёсжон РАҲИМОВ,

    Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти бош илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates