Ерларнинг ҳисобини юритиш тўлиқ рақамлашмоқда

    Охирги уч йилда 40 миллион гектар ёки жами ерларнинг 90 фоизи кадастрда давлат рўйхатидан ўтказилди.

    Ер умуммиллий бойлик экани, ундан оқилона фойдаланиш ҳамма замонларда ҳам долзарблигини яхши биламиз. Аммо буни айтиш ва амалда бажариш бошқа-бошқа нарсалар. Аниқроғи, юртимиздаги ер майдонлари узоқ йиллар давомида ўзбошимчалик билан фойдаланилиб, аксариятининг эгаси ҳам номаълум бўлган. Бу мавжуд ерлардан фойдаланишда кўплаб муаммоларни юзага келтирди. Вақт ўтиб, ер ҳисобини юритиш, кадастр хизматларининг сифатини яхшилаш мамлакатимизда муҳим вазифалардан бирига айланди.

    Айниқса, соҳани рақамлаштиришдаги тезкорлик иш кўлами ва сифатини оширмоқда. Хусусан, охирги уч йилда рақамлаштириш ҳисобига 40 миллион гектар ёки жами ерларнинг 90 фоизи кадастрда давлат рўйхатидан ўтказилгани сўзимизнинг исботи. Аммо бу тизимда барча муаммолар ҳал этилди, дегани эмас. Ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Рақамлаштириш ишлари ҳам доимий давом этадиган жараён ва у орқали эришилаётган натижалар яққол кўзга ташланмоқда.

    Шу йилнинг 21 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларининг сифатини яхшилаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни соҳада амалга оширилиши лозим бўлган янги топшириқлар берилди. Камчиликлар таҳлил қилиниб, ечимлар ўртага ташланди. Бу соҳа вакиллари, мутахассислар олдига аниқ вазифаларни қўймоқда.

    Мирсаид МИРМАҚСУДОВ,

    Кадастр агентлиги директор ўринбосари:

    — Кейинги йилларда юртимизда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, ерларнинг ҳисобини олиш, давлат ер кадастри маълумотларини тўғри юритиш ишлари фаоллашиб, рақамлаштириш жараёнларига ўтказилди. Айни пайтда мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча тоифадаги ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ва республика ер фондини тўлиқ қамраб олиш тизимини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

    Бу йўналишда замонавий технологияларни қўллаш иш самарадорлигини янада оширяпти. Аэрофотокамера ва дронлар қўлланаётгани натижасида кўп захиралар аниқланмоқда. Масалан, Қашқадарё вилоятининг жами 2 856,8 минг гектар ер майдонидан 2 321,6 минг гектарида самолёт ёрдамида аэросуратга олиш ишлари бажарилди. Биргина Қарши туманининг жами 91,6 минг гектар ер майдонида олинган суратлардан фойдаланган ҳолда суғориладиган экин ерлари хатловдан ўтказилганда 5,1 минг гектар ҳисоботда экин ери сифатида кўрсатилмагани маълум бўлди. Бу бюджетга қанча тушум, қанча иш ўрни ва даромад йўқотилаяпти, дегани. Шу боис, Президентимиз томонидан Кадастр агентлигига туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга йил якунигача аэросуратга олиш ишларини Тошкент шаҳри, Тошкент ва водий вилоятларида, келгуси йили эса қолган ҳудудларда тўлиқ якунига етказиш топшириғи берилди.

    Охирги 3 йил давомида UZKAD тизими орқали юртимизнинг 96 фоиз ёки 43,1 миллион гектар ер майдонларининг электрон харитаси яратилиб, 40,2 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳам рақамлаштириш маҳсули. Жараёнда ўтказилаётган таҳлиллар эса тегишли хулосалар чиқаришга туртки бермоқда. Ҳудудлардаги 900 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олишга таъсир кўрсатаётган омиллар шулар жумласидан. Масалан, ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг тўлиқ ёки қисман мавжуд эмаслиги. Бунинг натижасида 286,2 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиб келаётган 10 159 та юридик ва жисмоний шахслар фойдаланувчи сифатида ҳисобга олинган. Бунда энг юқори кўрсаткич Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда.

    Шунингдек, 159 минг гектар ердан фойдаланувчиларнинг ҳужжатида кўрсатилган ер майдонига нисбатан амалдаги ер майдони ўртасида тафовутлар мавжудлиги сабабли давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Қайд этилган 19 658 та қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 460,5 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари эса ҳуқуқий мақоми аниқ эмаслиги сабабли давлат рўйхатидан ўтказилмаган.

    Таҳлилларга эътибор қаратсак, ер майдонларини ажратиш билан боғлиқ қатор муаммолар тўпланиб қолгани кўзга ташланади. Хусусан, узоқ йиллар давомида собиқ колхоз, совхоз ерларидан аҳолига уй-жой қуриш учун 817,1 минг гектар ер ажратилган бўлиб, ушбу ерлар ҳисоботда қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасида томорқа сифатида юритиб келинмоқда. Ҳудудлар кесимида бу кўрсаткич Бухорода 128,3 минг гектар, Қашқадарёда 117,8 минг гектар, Самарқандда 85,9 минг гектар, Тошкент вилоятида 78,8 минг гектарни ташкил этади. Бундай ҳолатлар, ўз-ўзидан ер ҳисоботининг тўғри юритилишига тўсқинлик қилмоқда. Шу боис, 2024 йил 1 июлга қадар битта туман мисолида аҳолига якка тартибда уй-жой (томорқа ер) ва қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда бино ва иншоотлар қуриш учун ажратилган ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича эксперимент ўтказиш белгиланган.

    Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан сув фонди ерлари ва ички автомобиль йўллари эгаллаган ерларни ҳисобга олиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳам масъул вазирлик ҳамда идораларга тегишли кўрсатмалар берилди. Гап шундаки, ҳозирги кунга қадар юртимизда мавжуд 827 минг гектар сув фонди ерларидан 318,3 минг гектари ҳамда 172,1 минг гектар ички автомобиль йўлларидан 5,1 минг гектари давлат рўйхатидан ўтказилган. Аммо қолган 509 минг гектар сув фонди ва 167 минг гектар ички автомобиль йўлларнинг ер ажратиш қарорлари ва чегаралари белгиланмагани сабабли, ҳисобга олинмасдан қолмоқда.

    Шу билан бирга, 21 та вазирлик ва давлат идораларига тегишли 49 333 та кўчмас мулк объектларидан 6 821 таси давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Кадастр агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳри ҳамда 154 та туман ва 5 та шаҳарнинг маъмурий чегаралари белгиланган бўлсада, ҳокимликлар томонидан чегараларни тасдиқлаш ишлари якунига етказилмагани ҳам камчиликларимиздан бири. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва 159 та туман (шаҳар)нинг чегарасини белгилаш бўйича тайёрланган ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва чегараларни Олий Мажлис Сенатидан тасдиқлаш бўйича топшириқ берилди.

    Агентлик томонидан охирги 5 йил давомида 42 463,5 гектар қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш аҳволи ўрганилган. Жараёнда маълум бўлишича, ҳокимликлар қарорига асосан тўғридан-тўғри лойиҳа ташаббускорларига ажратилган 18 587,9 гектар ерларнинг 4 426,6 гектарида қурилиш ишлари якунланган бўлса, 7 224,2 гектарида қурилиш ишлари олиб бориляпти, 7 минг гектарида эса қурилиш ишлари бошланмасдан бўш турган. Эндиликда, бўш турган ерларни захирага қайтариш чоралари кўрилади. Шунингдек, барча саноат ерларини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси белгиланган.

    Умуман, ер ресусрларидан тўғри фойдаланиш, аввало, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва муносиб эгаларига беришга ҳам боғлиқ. Бу борада механизмни яратишга киришганмиз, эндиликда, унинг доимий назоратини ҳам биргаликда олиб боришга интиляпмиз.

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 23.11.23 й, 244-сонида чоп этилган)

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates