Таъкидланишича, банклардаги омонатлар Фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ ҳажмда кафолатлангани омонатчилар томонидан банкнинг молиявий ҳолати ва фаолият таваккалчилиги билан қизиқмасдан ўз маблағларини юқори фоизли омонатларга жойлаштирилишига сабаб бўлмоқда.
Жаҳон банки экспертлари томонидан республикамиздаги банкларнинг «Омонатларни кафолатлашнинг самарали тизими асосий тамойиллари»га мувофиқлиги ўрганилганда, 16 та асосий тамойилдан 8 таси бўйича қўйилган мақсадларга эришиш мумкин эмаслиги ёки бундай мақсадларга зид қоидалар мавжудлиги аниқланган.
Қонун лойиҳасида омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан, банк тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, уни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун иқтисодий инқирозларнинг салбий оқибатларини минималлаштириш мақсадида кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси (200 млн сўм) белгиланмоқда. Мазкур юқори чегарани белгилашда омонатларнинг амалдаги ҳолати тўлиқ таҳлил қилинди. Хусусан, ушбу миқдор бугунги кунда мамлакатимизда 99,7 фоиз омонатчиларнинг банклардаги маблағлари тўлиқ кафолатланишини таъминлайди.
Қонун ташаббускорларининг маълум қилишича, кафолатланган омонат миқдорининг чеклангани билан банклар фуқаровий жавобгарликдан озод этилмайди ва улар омонатчилари олдида ўзининг мол-мулки билан жавобгар бўлишади. Бу омонатчилар пул маблағларининг кафолатланган ҳажмдан ошган қисмини ҳам банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эга, дегани.
Йиғилишда ташаббускорлар депутатларнинг эътиборини яна бир муҳим масалага қаратишди. Таъкидландики, кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси муайян шахснинг фақат битта банкдаги омонатига татбиқ этилади, яъни ушбу шахс бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларда ўз омонатларига эга бўла туриб, мазкур банкларнинг барчаси тугатилган тақдирда ҳам қонун лойиҳаси билан яратилаётган тизим барча омонатларни бир хилда кафолатлайди.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталиб, унда назарда тутилаётган янги нормалар аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилганини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши банк тизими барқарорлигини таъминлаш орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг маблағлари бут сақланишига, уларнинг банк ёпилиб кетиши натижасида пул маблағларини йўқотишдан қўрқмасдан ўз бизнесини юритишига, энг асосийси, жамоатчиликнинг банк тизимига бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.









