Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият  фаровон бўлади

    Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси” халқаро аёллар форумида иштирок этган хорижлик экспертлар мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда иқтисодий имкониятларини кенгайтириш борасида қилинаётган ишларга юқори баҳо берди.

    Албатта, бу эътироф барчамизни мамнун этиш билан бирга масъулиятимизни ҳам чандон оширди.

    Аслида, аёлни эъзозлаш, опа-сингилларимизни рози қилишга эришиш ўз-ўзидан бўладиган осон иш эмас. Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган узлуксиз ислоҳотлар самарасидир.

    Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида катта янгиликлар бўлди. Қонунчиликда, бошқарув тизимида оила ва хотин-қизлар масалаларига янада чуқур ёндашадиган механизмлар, қатор институционал ўзгаришлар амалга оширилди. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаёт жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича 2022–2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирларни ўз ичига олган миллий дастур қабул қилинди. Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат бошқаруви органи – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилди. Маҳаллага ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди.

    Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида мазкур ишлар изчил давом этмоқда.

    Ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар самарасида маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилгани, уларга давлат хизматчиси мақоми берилгани ва ваколатлари кенгайтирилиши ҳар бир аёлнинг орзу-ниятларини амалга ошириш, муаммолари ечимига тезкор кўмак бериш борасида катта ютуқ бўлди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг уй-жой муаммосини ҳал этиш, соғлиғини тиклаш, ижтимоий реабилитация қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси иш бошлади. Ҳудудларда Хотин-қизлар тадбиркорлик, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари самарали фаолият юритмоқда.

    Давлат ташкилотларида узоқ йиллар фаолият олиб борган, обрў-эътиборли ва ҳаётий тажрибага эга фаол, ташаббускор аёллар саъй-ҳаракатини бир ғоя, бир мақсад остида бирлаштириш йўлида “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилди. Маҳаллаларда кўчабоши ва уйбоши аёллар сайлаб олинди. Бугунги кунда “Кўчабоши аёллар” ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракатлари аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ишларида бевосита Оила ва хотин-қизлар қўмитасига елкадош бўлиб иш олиб бормоқда. Бу чора-тадбирлар “Ҳеч бир аёл давлат ва жамият эътиборисиз қолмайди” деган қатъий тамойил асосида амалга оширилмоқда.

    Хотин-қизларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини ошириш, шаффофлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш ҳам муҳим вазифа. Бу маҳаллада истиқомат қилувчи ҳар бир хотин-қизнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, эҳтиёжи, муаммолари ҳақидаги маълумотларни жамлаш, таҳлил қилиш ҳамда тезкор амалий ёрдам кўрсатишга замин яратади. Шу мақсадда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳақидаги маълумотлар жамланган “Xotin-qizlar.uz” миллий платформаси, 17 йўналиш ва 138 маълумот базасини ўз ичига олган “Хотин-қизлар баланси” яратилди.

    “Аёллар дафтари” – имкониятлар манбаи

    Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар муаммоларига ечим топиш, уларни ташвишлардан халос қилиш, орзу-умидларини рўёбга чиқаришда “Аёллар дафтари”нинг муҳим ўрни бор. Бу тизим орқали “Ижтимоий давлат” тамойили мезонларига мос равишда миллиондан ортиқ эҳтиёжманд хотин-қизнинг ижтимоий-молиявий аҳволи яхшиланиб, ўзини тутиб олишига кўмаклашилмоқда. Жумладан, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг 1–2–3-босқичида жами 1,5 миллиондан зиёд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилди ва бу ишларга 3,2 триллион сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилди. 4-босқичдаги чора-тадбирлар доирасида 1 миллиондан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизнинг 719 минг 697 нафарига амалий ёрдам берилди.

    “Аёллар дафтари” бўйича уч йиллик тажрибадан келиб чиқиш айтиш мумкинки, 4-босқичда аёлларга бир-икки ёрдам кўрсатиш билан чекланиш етарли эмас экан. Шу билан бирга уларнинг ижтимоий-молиявий аҳволи яхшиланишига, мустақил ҳаёт кечиришга тайёр бўлишига кўмак берилиши ҳам муҳимдир. Кейинги йилларда боқувчисини йўқотган 26 мингдан зиёд оила ва ёрдамга муҳтож хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. 17 минг 461 нафар хотин-қизга ижара компенсацияси тўланди, 12 минг 861 нафарининг уй-жойи таъмирлаб берилди. Ҳар йили қарийб 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида ички туристик саёҳатлари ташкиллаштирилмоқда.

    Президентимизнинг тегишли қарорига асосан маҳаллаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам беришни янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида комплекс ёндашув асосида ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими яратилди. Мазкур муҳим жараён маҳалла хотин-қизлар фаолининг бевосита ҳамкорликдаги фаолияти натижасида амалга оширилди. Хотин-қизлар фаолларини махсус дастур ўрнатилган планшетлар билан таъминлаш орқали бугунги кунга қадар 8 миллион 300 мингдан зиёд оила ўрганилди. Уларнинг жами 465 минг 600 га яқин ижтимоий хизматга бўлган эҳтиёжи таъминланди.

    Жамиятда энг муҳим омил, бу – инсон ҳуқуқи, унинг қадр-қимматини ҳимоялаш. Ўтган давр мобайнида хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, улар манфаатларини таъминлаш борасидаги қонунчилик такомиллаштирилди. Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари, “Ижтимоий маслаҳатхона”лар ташкил этилди. Шунингдек, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги тизимида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоялаш масалалари алоҳида назоратга олинди.

    Хотин-қизларнинг, хусусан оилавий зўравонлик ёки тазйиққа учраган аёлларнинг мурожаатларига тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида “1146” қисқа рақамли ишонч телефони ишга туширилди.

    Яна бир яхши янгилик. Оила ва хотин-қизлар бўлими вакилларининг суд жараёнларидаги кафиллиги асосида 57 хотин-қиз жавобгарликдан озод этилди.

    Давлат дастури ижроси доирасида оилавий, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, оилавий низолар ечимига медиация усуллари асосида ёндашув кучайтирилди. Оилалар билан индивидуал ишлаш тизими жорий қилинди.

    Маҳаллаларда ташкил этилган “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси” таркибига тарбиявий таъсир ўтказа оладиган 45 мингдан зиёд фаол жалб қилинди. Туман (шаҳар) Оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳузурида ташкил этилган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида яқин 2,5 йил давомида никоҳланувчи 182 мингдан зиёд шахс оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўқитилди.

    Бугун хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оила вакилларининг олий маълумотли бўлиши ва касбий кўникма олиши борасида самарали давлат сиёсати амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этиш зарур. Бу борада “Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги” тамойили ҳамда ижтимоий ҳимоялаш ғояси устувор бўлмоқда. Хусусан, “Аёллар дафтари”ни юритиш, “Аёллар баланси”ни шакллантириш, ОТМга қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш ҳамда мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлганларга қўмита томонидан тавсиянома бериш тизими жорий этилди.

    Эҳтиёжманд оилалардаги илмга интилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хotin-qizlar.uz платформаси орқали 2022 йилда тест синовлари натижасига кўра, энг юқори балл тўплаган 2000 нафарга яқин қизлар олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди. 2023 йил учун туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари қошидаги комиссиялар томонидан 50 668 нафар талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Мезон талаблари асосида 38 702 нафар талабгорларга тавсиянома берилди.

    Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 507 нафар хотин-қиз 2022 йилда олий таълим муассасаларига контракт тўлови асосида талабаликка қабул қилинди. 2023 йилда туман (шаҳар) комиссиялари томонидан 12 563 нафар талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинди. Мезон талаблари асосида 11 993 нафар талабгорларга тавсиянома берилди.

    14 100 нафар магистратурада ўқиётган талаба қизларнинг
    153,4 милиард сўм контракт тўлови тўлаб берилди. Олий таълим муассасаларида ўқиётган 133 973 нафар талаба хотин-қизларга 7 йил муддатга 1 243,9 миллиард сўм миқдорида фоизсиз таълим кредити берилди.

    Гендер тенглик ва тараққиёт

    Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини кенг тарғиб қилиш учун гендер масалалари бўйича 140 нафар тренер ҳамда 28 тарғибот гуруҳи шакллантирилди. “Гендер-мадад” электрон ҳуқуқий маслаҳат платформаси ҳамда унинг мобил иловаси ишга туширилди. Уларга “Аёллар ҳуқуқий ҳимояси”, “Гендер тенглик”, “Аёлларга имтиёзлар”, “Оилавий муносабатлар” ва “Оилавий зўравонлик” каби ҳуқуқий мавзуларга оид маълумотлар базаси жойлаштирилди ҳамда ҳуқуқий маслаҳатларни онлайн чат орқали бериш тизими йўлга қўйилди.

    “Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури” ишлаб чиқилди. Давлат бошқарувининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган раҳбарлик салоҳияти ва қобилиятига эга бўлган 25 мингдан зиёд хотин-қиздан захира кадрлар шакллантирилди. Саралаб олинган 100 нафари Давлат бошқаруви академиясида “Раҳбар аёллар мактаби” дастури асосида 2 ойлик ўқув курсида ўқитилди.

    Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган ҳамда ибратли фарзанд тарбиялаётган 314 аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан мукофотланди. Ташкилот, корхона ва муассасаларда ишлаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида 138 та марказий муассаса ҳамда 19 минг 123та корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилди. Уларни тизимли ташкил этиш мақсадида Давлат бошқаруви академиясида бошланғич ташкилот раислари учун семинар-тренинг ўтказилди.

    Соғлом аёл – соғлом келажак

    Саломатлик – бебаҳо бойлик, уни асраш эса инсондан доимий эътибор талаб этади. Аммо оила ташвишига кўмилиб яшайдиган аёл ўз соғлиғига доимий эътибор қаратавермайди. Натижада оғир касалликка гирифтор бўлгач, бу муаммодан фақат ўзи эмас бутун оиласи, фарзандлари ҳам азият чекади. Шу боис, хотин-қизлар орасида, оилаларда тарғибот ишларини ташкил этишда соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратилади.

    Оилаларда соғлом турмуш тарзига риоя этилиши бўйича “Хонадон гигиенасини баҳолаш” электрон платформаси яратилди. 2022 йилдан бугунга қадар 5 миллион 100 мингдан зиёд хотин-қиз бирламчи онкоскрининг текширувидан ўтказилди. Натижада 5,4 мингдан зиёд аёлда саратон касаллиги мавжудлиги дастлабки босқичдаёқ аниқланиб даволаниши йўлга қўйилди. Шу билан бирга, 1,13 миллиондан зиёд нуроний онахон чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 205 минг 407 нафари зарур дори-дармон, озиқ-овқат билан таъминланди, 16 минг 699 нафари санаторийларда даволаниши ташкил этилди, 13 минг 988 нафарига реабилитация воситалари тақдим этилди.

    Хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида йил бошидан буён 13 мингдан ортиқ спорт мусобақалари, “Спорт маликалари” ҳафталиги, “Соғлом оила – янги Ўзбекистон таянчи” шиори остида уч босқичли спорт мусобақалари, “Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида меҳнат жамоаларида спорт фестиваллари ўтказилди. Ушбу тадбирларда 600 мингдан зиёд хотин-қиз фаол иштирок этди.

    “Фаровон оила – келажак пойдевори” шиори остида оилаларни мустаҳкамлаш борасида маҳаллаларда 62 минг 183 дан зиёд тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларга жуда кўп оилалар, жумладан 1 миллион 733 мингдан зиёд хотин-қиз қамраб олинди. “Аёли эъзозланган юрт”, “Аёл – жамият кўзгуси”, “Аёл – меҳр, садоқат, тараққиёт тимсоли” шиорлари билан маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

    Албатта, бундай ишлардан кўзланган мақсад аниқ: хотин-қизларнинг соғлиғини асраш, оилада ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, энг муҳими, опа-сингилларимизни эъзозлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш. Зеро, аёл қадр топган жамиятда тинчлик-осойишталик муҳити барқарор бўлади. Тинчлик, хотиржамлик бор жойда эса юксалиш ва тараққиёт кузатилади.

    Мукаррам Нурматова,

    Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари,

    фалсафа фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates