30 йилдан буён рус тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган ижодкор педагог таълим жараёнига кўплаб янгиликларни жорий этиб, ўғил-қизларни рағбатлантириш йўли билан уларнинг қизиқишини фанга ошириб келмоқда.
Ёрқиной Маматисақова ўз устида ишлаб, тинимсиз изланиши жараёнида хорижлик педагоглар томонидан йўлга қўйилган яхши тажрибадан хабар топди. Бу тажрибани ўзи таълим берадиган 10-"Б" синфида ўтказиб кўришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Фидойи педагог 1-чорак якуни бўйича 4 нафар аълочи ўқувчини аниқлаб, уларга синф раҳбарлиги учун тўланаётган маошидан "Устоз стипендияси" беришни йўлга қўйди. Яна 12 нафар аълочи ўқувчиларини тақдирлаб, келгусида бошқа ўқувчиларнинг ҳам яхши ўқиши учун мотивация бера бошлади.
— II чоракдан стипендия олиш учун кўп ўқувчиларим ҳаракат қилмоқчи. Бир ойда синф раҳбарлик учун оладиган маошим ўқувиларимга кетса ҳам уларни рағбатлантиришдан завқланаман. Боиси, бу стипендияни жорий қилганимдан сўнг ўқувчиларимнинг ота-онаси қўнғироқ қилиб, раҳмат айтишди. Фарзанди уйга пул солинган конвертни очмай олиб бориб, ота-онасига берганини қувонч билан гапиришди. Оила даврасида очилган конвертни уй тўрига қўйиб қўйишибди. Ўқувчиларим кўзидаги қувонч менга у олаётган маошимдан кўра кўпроқ ҳузур берди.
Синфда тарбияси оғир ўқувчилари кўп бўлгани учун ҳар бир ўғил-қиз қизиқишини аниқлаб олиб, жамоавий ўйинлар ташкил этади. Натижада, тарбияси оғир ўқувчилар ҳам устози билан яқин муносабатда бўлиб, синфда таълим сифати ошишига эришилади.











