Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг “ядровий материаллар ишлаб чиқариш базаси”га ташрифини шундай изоҳлади.
13 сентябрь куни Корея марказий ахборот агентлиги Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг Ядро қуроллари институтига ва “ядровий қурол учун ядровий материал ишлаб чиқариш базасига” ташриф буюргани ҳақида хабар берди. Агентлик муассаса ичидаги фотосуратларни чоп этди.
Yonhap агентлигининг қайд этишича, Шимолий Корея шу тарзда ўзининг уран бойитиш жойи ҳақидаги тафсилотларни биринчи марта ошкор қилган. Корея Республикаси оммавий ахборот воситалари бу қадам АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
“Биз ҳам, халқаро ҳамжамият ҳам Шимолий Кореяни ҳеч қачон ядровий давлат сифатида тан олмаймиз, буни Шимолий Корея аниқ тушунади”, деди Корея Республикасининг бирлашиш вазирлиги шу муносабат билан. Сеул Шимолий Кореянинг ядровий дастури БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузишини ва бу “тинчликка жиддий таҳдид солаётганини” айтди. Корея Республикаси ҳукумати КХДР ҳукумати “ядровий қуролга эга бўлиш орқали ҳеч нарсага эриша олмаслигини” таъкидлади ва Пхеньянни ядросизланиш бўйича мулоқотга чақирди, деб хабар беради tass.ru.