Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Таъкидланишича, Кейсуке Минами жорий йилнинг апрель ойида Япониянинг энг машҳур сайёҳлик кўрсатуви – «Асада! Намадесу таби сарада»нинг Ўзбекистонга бағишланган туркум кўрсатувларини тасвирга олинди. У мазкур лойиҳани суратга олиш учун мамлакатимизга амалга оширилган ижодий сафари жуда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Япон актёри Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Фарғона, Марғилон шаҳарларининг тарихий обидалари, миллий таомлари, меҳмондўст халқи ва ушбу ҳудудларда сайёҳлар учун яратилган қулайликларни жуда юқори баҳолади. Ташриф якунлари бўйича тайёрланган Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган 5 қисмли кўрсатув япон томошабинлари орасида ҳам жуда катта қизиқишга сабаб бўлди.
Кейсуке Минами билан ўтказилган учрашув давомида элчихона билан ҳамкорликда Японияда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва Ўзбекистон туризм брендини кенг тарғиб қилиш, сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, етакчи ОАВда юртимиз салоҳияти ҳақида кўрсатувлар тайёрлаш ва мақолалар чоп этиш бўйича келишиб олинди.
«Ўзбекистоннинг Япониядаги туризм элчиси» этиб тайинланганимдан жуда бахтиёрман, – деди актёр Минами Кейсуке. – Менга билдирилган ишонч жуда катта масъулият ҳамдир. Ҳозирги кунда Япониянинг машҳур сайёҳлик кўрсатуви «Таби сарада»нинг бошловчиси сифатида ҳам фаолият олиб бормоқдаман. Ушбу кўрсатувнинг Ўзбекистонга бағишланган туркум сонларини суратга олиш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида уч ҳафта мобайнида Ўзбекистонда бўлдим. Ташриф давомида ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва очиқ кўнгиллигига қойил қолдим. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларидаги қадимий обидаларнинг гўзаллиги мени ўзига мафтун этди. Ўзбек миллий таомлари, жумадан, ош менга жуда ёқди. Келгусида Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш бўйича ишларни янада жадаллаштирамиз».
Кейсуке Минами 1985 йилда Токио шаҳрида туғилган. Япониянинг машҳур Васеда университети битирувчиси. Бир қанча япон кино ва сериалларида бош ролларни ижро этган. Япониянинг энг машҳур сайёҳлик кўрсатуви – «Асада! Намадесу таби сарада»нинг асосий бошловчиларидан бири сифатида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, у «Жаҳон тарихий мероси» мастер сертификатига эга бўлиб, «Жаҳон мероси академияси» лектори сифатида ишлайди.