“Тонг юлдузи” ёритган олам

    Маданият 21 май 2024 588

    Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тонг юлдузи” газетасининг 95 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Тонг юлдузи” ёритган олам” китобининг тақдимоти ҳамда мазкур газета таҳририятида ярим асрдан ортиқ фаолият олиб борган фотомухбир Равил Албеков ижодига бағишланган суратлар кўргазмаси ўтказилди.

    Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “Тонг юлдузи” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда устоз журналистлар, ОАВ ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакиллари ҳамда ижодкор ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

    Тақдимот маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли таржимон ва адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов, Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров ва бошқалар мамлакатимиз болалари ва ўсмирларининг севимли нашри – “Тонг юлдузи” газетасининг салкам бир асрлик машаққатли ва шарафли ижод йўлига тўхталиб, “Тонг юлдузи” ёритган олам” китоби ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

    Ушбу китобдан “Тонг юлдузи” газетасида чоп этилган насрий ва назмий асарлар ҳамда публицистик мақолалар, “Тонг юлдузи” мактабидан етишиб чиққан таниқли ёзувчи ва шоирларнинг ўқувчилик даврларидаги унутилмас ёдномалари ўрин олгани эътиборга молик.

    Таъкидлаш жоизки, “Тонг юлдузи” газетасида “Бир куни дарсда...”, “Болалик кунларимда...”, “Ота-онангиз билан ўқинг”, “Китоб жавонингизга”, “Хотира уйғонса гўзалдир”, “Мулоҳаза учун мавзу” каби рукнлар мавжуд бўлиб, улардан, айниқса, “Бир куни дарсда...” рукни ўқитувчилар ва ўқувчилар орасида оммалашган.

    Юртимизнинг кўзга кўринган ижодкорлари, актёрлар ва рассомлар, бир сўз билан айтганда, таниқли инсонларнинг болалик хотираларига оид «Болалик кунларимда...» рукни ҳам ўқувчилар томонидан яхши кутиб олинмоқда.

    “Тонг юлдузи” газетасининг биргина 2023 йилда эришган ютуқларига тўхталадиган бўлсак, “Олтин қалам” ХVII Миллий мукофоти учун халқаро танловининг “Энг яхши журналистик материал учун” номинацияси бўйича 3-ўринни эгаллагани, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан мукофотлангани таҳририят жамоасида ўз соҳасининг етук мутахассислари фаолият кўрсатаётганидан далолат беради.

    Тадбир сўнггида газетада узоқ йиллар меҳнат қилган бош муҳаррирлар, фаол муаллифлар, шу жумладан, ўқувчи-ёшлар ва ҳамкорлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

    Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида “Тонг юлдузи” газетасининг 95 йиллиги нишонланади. “Тонг юлдузи” ёритган олам” китоби тақдимоти, газета таҳририятида узоқ йиллар фаолият юритган фотомухбир Равил Албековнинг ижодига мансуб 40 дан ортиқ расмлар кўргазмаси ушбу муҳим сана доирасида ўтказилди.