Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, мамлакатимиздаги миллий маданий марказлар, илм-фан, таълим ва маданият, ижод соҳаларининг таниқли намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда эътироф этилганидек, асрлар давомида бир дарёдан сув ичиб, ҳамиша бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келаётган қардош ўзбек ва туркман халқларини умумий тарих, муштарак маданият ва эзгу қадриятлар ўзаро боғлаб туради.
Ҳар икки давлат раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан амалга оширилаётган халқпарвар сиёсат, олий даражадаги ташрифлар натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар тобора кенгайиб бормоқда.
Тошкент шаҳрида “Ашхобод” маданият ва истироҳат боғи, Махтумқули ёдгорлик мажмуаси, шунингдек, Хоразм вилоятида “Ўзбек – туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуаси, ўз навбатида, Ашхобод шаҳрида “Тошкент” маданият ва истироҳат боғининг барпо этилгани бу борадаги катта амалий қадамлар бўлди.
Таъкидлаш жоизки, давлат раҳбарлари бошлаб берган эзгу анъаналарга мувофиқ, кейинги йилларда ҳар иккала мамлакатда адабиётга, китобхонликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 февралдаги “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда бу қутлуғ айём кенг нишонланди.
Ушбу сана муносабати билан ўтган йили Ашхобод шаҳрида ўтказилган халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги” эсдалик медали билан тақдирланди.
Буларнинг барчаси халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов, Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййид, академик Шуҳрат Сирожиддинов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимов, филология фанлари доктори Баҳодир Каримов, Туркман миллий маданий маркази раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулдана Авездурдиева ва бошқалар кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ўзаро ишонч ва яқин қўшничиликка асосланган кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари бутунлай янги босқичга кўтарилаётганини таъкидладилар.
Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Тафаккур гавҳари” китоби ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан улкан аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.
Дарҳақиқат, Гурбангули Бердимуҳамедов нафақат атоқли давлат ва сиёсат арбоби, айни вақтда, етук тадқиқотчи олим, тарих, фалсафа, адабиёт, табобат мавзуларидаги ўнлаб салмоқли асарлар муаллифидир. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий академиги этиб сайланган.
Г.Бердимуҳамедовнинг ҳозирга қадар “Маданият – халқнинг бебаҳо хазинаси”, “Туркманларнинг маънавий дунёси”, “Барҳаёт афсона”, “От – садоқат ва бахт тимсоли”, “Чой – шифо ва руҳий қувват манбаи”, “Бахтли ҳаёт соғлиқдан бошланар” каби китоблари нашр этилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги ўзбек китобхонларига ҳам яхши таниш.
Тақдимот маросимида таъкидланганидек, “Тафаккур гавҳари” китобини ўқиган киши наинки қардош туркман эли, балки барча туркий халқларнинг муштарак тарихи ва маданияти, ўлмас қадриятлари, олижаноб фазилатлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлади.
Маълумки, Ўзбекистонда туркман миллатига мансуб юртдошларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар турли соҳаларда самарали ва фидокорона меҳнат қилиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Кўп миллатли юртимизда уларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, қадрият ва анъаналарини асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шадурди Мередов Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқишда мана шундай маданий-маърифий тадбирларнинг ўрни катта эканини таъкидлар экан, бу борада амалга оширилаётган барча эзгу ишлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентига, ўзбек халқига самимий миннатдорчилик изҳор этди.
–Бу асар асрлар давомида шаклланиб, мустаҳкамланиб келинган дўстлигимиз, қардошлигимизнинг ўзига хос рамзидир, – деди Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шадурди Мередов. – Китобни чин маънода донишмандликнинг гавҳари, деб аташ мумкин. У халқимизнинг тарихи, мероси, маънавияти ва анъаналари ҳақида ўзига хос манбадир.
Тақдимот тадбирида “Тафаккур гавҳари” китоби ҳақида батафсил сўз юритилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.