“Табиат-жамият-инсон” экологик акцияси ўтказилди

    Табиатни муҳофаза қилиш – бу табиий ресурслар ва атроф муҳитни, шу жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллигини, ер ости бойликларини, гидроресурслар, ўрмонлар ва ер атмосферасининг тозалигини сақлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва қайта тиклаш бўйича илмий асосланган чора-тадбирлардан иборат.

    Табиатни муҳофаза қилишнинг асосий мақсади – одамларнинг турмуши ва келажак авлод ҳаёти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштириш ва аҳолининг экологик маданиятини оширишдан иборатдир.

    Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари Кенгашининг ўтган йилги йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган Нью-Деҳли декларациясида аъзо давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги муҳимлиги таъкидланиб, 2024 йил ШҲТга аъзо мамлакатларда “Экология йили” деб эълон қилинган эди. Унга мувофиқ давра суҳбатлари, танловлар, семинарлар, конференциялар, интерфаол ўйинлар, экологик акциялар, ўқув маърузалари ва бошқа тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

    ШҲТ мамлакатлари атроф-муҳитни асраш, биохилма-хилликни сақлаб қолиш, экологик билимларни тарғиб қилиш, экологик таълим ва маърифатга қаратилган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тарафдоридир.

    Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази Тошкент шаҳри экофаоллари, волонтерлар ва олий таълим муассасалари талабалари билан биргаликда жорий йилнинг 7 март куни "Табиат-жамият-инсон" экологик акциясини ташкил этди. Бу ҳақда марказнинг матбуот хизмати хабар берди.

    Тадбирдан кўзланган асосий мақсад - фуқаролар айниқса, ёшларнинг экологик билим ва маданиятини юксалтириш, уларнинг атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш борасидаги масъулиятини янада ошириш, маънавий қадриятларимиз асосида ёш авлод онгига табиатни озода тутиш ва асраш каби тушунчаларни сингдиришдан иборат.

    Тадбир Бўзсув дарёси бўйида жойлашган "Шаҳидлар хотира боғи" мажмуаси ҳудудида бўлиб ўтди.

    Экологик акция иштирокчилари Хотира боғини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, дарахтларни оқлаш, манзарали дарахт кўчатларини экиш ва Бўзсув дарёси бўйидаги чиқиндиларни йиғиш каби тадбирларда қатнашдилар.

    Шунингдек, экоакция доирасида иштирокчилар Тошкент Давлат Аграр университети қошидаги Балиқчилик илмий марказига ташриф буюришди. Марказ мутахассислари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланадиган балиқчилик соҳасининг бугунги ҳолати ва келажаги ҳақида иштирокчиларга сўзлаб бердилар.

    Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ШҲТнинг “Яшил камар” дастури доирасида жорий йилда ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аҳолининг экологик муаммолардан хабардорлигини ошириш мақсадида шу каби қатор тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Энг муҳими, бугунги кунда ҳар биримиз сайёрамизни асраб-авайлашда фаол иштирок этишимиз зарур. Бугунги экологик акция эса табиатни асрашга бўлган ҳаракатларни кенгайтириш ва ушбу глобал муаммога эътиборни жалб қилишнинг бир намунасидир.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates