Самарқандда қалбаки долларни ўтказган “уддабурон“ қўлга тушди

    Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нарпай тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилди.

    Ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар О.Э. ва Ж.С. ўзаро тил бириктириб, "Мирбозор бозори" МЧЖ ҳудудида "Пайнет" хизмати билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлар О.Ж. ва Д.Р.нинг шохобчасидан бошқа фуқароларнинг пластик картасига жами 5,6 млн сўм пулларни ўтказиб, эвазига қалбаки 500 АҚШ долларини берганлиги аниқланди.

    Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Ҳурматли фуқаролар ва тадбиркорлар, қалбакилигини билмаган ҳолда қалбаки валюта қимматликларини олиб, уни кейинчалик ўтказган шахснинг қилмиши ҳам жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Шу боис, ўзаро ҳисоб-китобларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси ҳисобланган миллий валютада амалга ошириш орқали ўзингизни ноқонуний ҳаракатлардан асраган бўласиз, — дейилади хабарда.