Саксон олти йил кутилган хабар ёхуд тикланган адолат тантанаси

    1938 йил январь. Бекободнинг изғиринли шамоли кўз очирмайди. Ховос станциясида тўхтаган Самарқанд-Тошкент поездига чиқиш учун шошаётган оломон орасида ўттиз беш-қирқ ёшлардаги ўрта бўйли бир йигит ҳам бор. У нима қилиб бўлса ҳам поездга чиқиб олишга уринар, лекин одамлар тамбурга оёқ қўйишига йўл қўймасди. Ниҳоят орқасига тўрва ортмоқлаб олган кўйи бир амаллаб вагонга илакишди.

    Туманнинг олис Киров колхозидаги Намингон қишлоғидан Ховосгача ўттиз беш чақирим йўлни кечаси билан пиёда босиб келган йигитнинг юзига ғам кўланка солган. Ичкарида жой йўқлигидан тамбурнинг бир четига чўка қолган Мустафоқулни поезднинг бир маромдаги ҳаракати элитди. Лекин уйқу қаёқда? Юраги тўла ғам! Саккиз-ўн йилдирки унинг оиласи таъқиб остида. Коллективлаштириш, қулоқ қатағони оиласини пораканда қилди, отасидан айирди. Отаси Шерназарбойнинг мол-мулки тортиб олинди. Ўзлари эса қувғин қилинди. Мана, ҳозир ҳам акаси Ҳотам Шерназаровнинг дарагини эшитиш учун Тошкентга боряпти. Уни олти ой олдин ярим кечада номаълум шахслар қўлини қайириб олиб кетган. Шундан бери акасини излаб бормаган жойи қолмади. Лекин жигарбандининг дараги орадан саксон олти йил ўтгач чиқишини ҳали билмасди! Фақат кўнглида зулмат абадий эмаслигига, қуёш албатта бош кўтаришига, рутубат тарқашига, адолат жаҳолатни парчалаб ташлашига умид қиларди, холос!

    Умид қалдирғочи

    2024 йил 19 июлда Президентимизнинг “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Миллий ўзлигимиз, давлатчилигимиз, маънавий қадриятларимизни сақлаб қолиш йўлида қурбон бўлган фидойи шахслар хотирасини абадийлаштиришга қаратилган ушбу қарор том маънода тарихий адолат тантанаси бўлди. Ундаги “Ўзархив” агентлиги Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган қатағон қурбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларига оид муайян архив ҳужжатларини белгиланган тартибда махфийликдан чиқариш чораларини кўрсин” деган банд тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Сирдарё вилоятининг чўл туманларига кўчиб келган Шерназаровлар оиласи аъзолари қалбида умид учқунларини уйғотди. Гап шундаки, ўтган асрнинг 30-йилларида қатағонга учраган Шерназар ота қулоқ қилиниб, мол-мулки мусодара бўлган. Бу оиланинг тўнғич аъзоси Ҳотам Шерназаров эса 1937-38 йилда қамоққа олинган ва у тўғрисида ҳеч қандай расмий маълумот олишнинг иложи бўлмай келаётган эди. Мустабид тузум даврида Ҳотам Шерназаровнинг укаси Мустафоқул Шерназаров акасининг дарагини излаб бормаган жойи, кирмаган идораси қолмаган, халқ душмани сифатида ҳамма жойдан ҳайдаб чиқарилган. Шу тахлит ўттиз беш йил уринади. Оқибат ўтган асрнинг етмишинчи йилларида акасининг дарагини топишни ўғли Абдунаби Мустафоқуловга васият қилган кўйи армон билан оламдан ўтади. Тўқсонинчи йилларга яқин қилинган уриниш сал наф бергандек бўлди. Журналист Аҳмадали Шерназаровнинг мурожаати рад этилиб, турли баҳоналар билан Давлат хавфсизлик қўмитасининг архивидаги махфий маълумотларни очиқлашдан бош тортишади. 2014 йилда Абдунаби Мустафоқулов ҳам оламдан ўтади. Адолатни тиклаш келгуси авлодлар зиммасига юкланади. Президентимизнинг ушбу қарори қабул қилингач, бирор хабар топиш умидида “Шаҳидлар хотираси” жамоатчилик фондига мурожаат қилинади. Еттинчи август куни фонднинг масъул ходими мурожаатга асосан Ҳотам Шерназаровнинг жиноят иши тафсилотлари аниқланганини айтиб алоқага чиқади. Умид қалдирғочи қанот ёзган эди.

    Зулматнинг бошланиши

    Юнусободдаги “Шаҳидлар хотираси” жамоатчилик фондига томон йўл олар эканмиз, боболар, момоларнинг гувоҳликлари асосида эшитганимиз ўша кунларнинг воқеалари кўз ўнгимизда гавдаланди.

    Ўтган аср бошларида Шерназар ота Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Сўлоҳли қишлоғининг бой-бадавлат кишиси сифатида яхшигина ном қозонган эди. Унинг бир неча юз гектар ери, чорваси, ва иморатлари бўлгани тўғрисида маълумотлар келган. Оилага қарашли ерларда Ўратепа, Шаҳристон каби шаҳарлардан келган йигирма чоғли инсон меҳнат қилган ва шунга яраша ҳосилдан улуш теккан. Унинг уч ўғли бўлган – Ҳотам, Мустафоқул, Муртазоқул. 1928 йилда бошланган коллективлаштириш талотўпи Ховос туманига ҳам етиб келади. Баландчақир, Пасткичақир, Совот, Мўғол, Чанговул каби қишлоқларда аввалига артеллар, кейин эса ёппасига колхозлар тузила бошланади. Ўша пайтларда серсув, атрофдаги ерлари унумдор бўлган бу ҳудудлар мустабидларнинг ўй-хаёлини ўғирлаган эди. Колхозга кўнгилли равишда жалб қилиш шунчаки тарғибот, ниқоб экани тезда аён бўлади. Намингон ва унинг этагидаги Сўлоҳли каби бир қанча қишлоқлар таркибида Киров номидаги колхоз тузилади. Яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолисига қарашли минг гектарга яқин ер колхозга олинади. Шунингдек, аҳолининг от, сигир, ҳўкиз, қўй каби чорвалари, омоч, кетмон каби қуроллари ҳам мусодара қилинади. Муқаддам ўз оиласи эҳтиёжлари учун эркин меҳнат қилиб, ҳосилдан ўзи баҳра олган аҳоли амалда бор-будидан айрилади. Бунинг устига, мажбурий меҳнат шакли пайдо бўлади. Аҳоли ёппасига далага ишга олиб чиқилиб, қатъий норма асосида ишлатила бошланади. Тотал тузумга хос бундай тартибдан кўпчилик норози бўлади. Лекин репрессив тузум бундай шахсларни қатъий йўқ қилиш йўлидан боради. 1930 йил 30 январда ВКП(б) МК Сиёсий бюросининг “Ёппасига коллективлаштирилаётган районларда қулоқ хўжаликларини тугатиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши мана шундай мудҳиш жиноятларга амалда фатво беради. Барча жойларда бўлгани сингари Киров колхозида ҳам оммавий қатағонлар, сиёсий таъқиблар кучаяди. Айниқса, Шерназаровлар оиласи ВЧК-НКВД-ОГПУ назарига тушиб қолади. Оила аъзолари орасида ўқимишли шахслар борлиги, жамиятда мавқеи баланд экани уларнинг келгуси режаларига мос эмасди. Боиси, элнинг энг олди шахсларини йўқ қилиш орқали халқни манқуртга айлантиришдек мудҳиш режа тузилганди. Оиланинг ерлари, чорваси мусодара қилинади. Айрим нарсаларни сақлаб қолиш мақсадида Шерназар ва унинг ўғиллари ярим кечада тилла буюмлар, гиламларни яқинроқдаги жарга кўмишга мажбур бўлади. Лекин бу хатти–ҳаракатдан хабар топган большевиклар жардаги ушбу буюмларни топади ва араваларга ортиб марказга олиб кетади. Шерназаровлар оиласи қаттиқ таъқибга олингач, улар юпун турмуш кечира бошлайди. Оила аъзоларидан бир қанчаси 1931 йилда Самарқанд вилояти Нарпай колхозига сургун қилинади. Нарпайга қулоқ қилинганлар жуда оғир шароитларда сақланади. Улар усти қамиш билан ёпилган ертўлаларда, баракларда яшашга мажбур бўлади. Айтишларича, етиштирилган ҳосил битта ҳам қўймай Россияга ташиб кетиларди. Нотўғри сиёсат туфайли СССРнинг барча ҳудудларида очлик, қаҳатчилик авж олганди. Волгабўйидаги қоратупроқ ҳудудлардаги аҳолини очликдан шу тарзда сақлаб қолиш режалаштирилганди. 1936 йилда коллективлаштириш қатағони сал юмшагандек бўлади. Ўша йили Ҳотам Шерназаров яна Киров колхозига қайтиб келади.

    Ҳибс ва таъқиб

    Ортга қайтган Ҳотам тўрт, Муртазоқул икки фарзандини соғ-омон кўрганига шукр қилади. Улар тинч ҳаётга қайтишади. Бу пайтга келиб 44 ёшда бўлган Ҳотам Шерназаров Сўлоҳли қишлоғидаги масжидда бир қанча одамлар билан тинчгина ибодат қилиб юради. Ўша пайтда яшаган одамлардан келган хотираларга кўра, Ҳотам Шерназаров ниҳоятда ўқимишли, билимдон, тараққийпарвар, шу билан бирга, миллий ўзликка, маънавий қадриятларга садоқатли шахс бўлган. У бир қанча китоб ёзган. Оиланинг пораканда қилиниши, ота-онасининг сиёсий таъқибга учраб бевақт оламдан ўтишини унутолмаган эди. Миллатнинг қуллик занжирига солинаётгани, дин таъқиб қилинаётгани, миллий ўзлик эскилик сарқити сифатида кўрилаётгани уни қониқтирмасди. Унинг ўрнига совет ташвиқоти томонидан амалда бошқа миллат маданияти, тарихий қадриятларини улуғлаш, ибо-ҳаёга зид урфлар сингдирилаётгани кўпчилик қатори Ҳотам Шерназаровнинг ҳам нафратига сабаб бўлаётганди. Афсуски, у ҳам бошқалар қатори чорасиз эди.

    Ўша кунларда НКВД агенти катта оғаларига Ҳотам Шерназаровнинг “Олдин ҳосилнинг ҳаммаси ўзимизда қоларди, колхоз бўлгач, йиғилган ғалланинг барчаси олиб кетиляпти, бола-чақамизни қандай боқамиз”, деган хабарни етказади. 1937 йил кузининг рутубатли кечаларидан бирида Шерназаровлар хонадонига эгнига узун чарм кийимлар кийган, заҳил юзли тўрт-беш кимса бостириб киради. Уй тинтув қилиниб, қўлларига илинган нарсаларни олишади. Ҳотам Шерназаров банди қилиб олиб кетилади. Унинг ортидан Худоёр, Ортиғой, Бувойша каби фарзандлари чириллаб йиғлаб қолади. Уч ёшли қизалоғи Янглиш нима бўлаётганини тушунмай бир бурчакда кўзлари аланг-жаланг қилгунча ўтирарди.

    Ҳотам Шерназаров олиб кетилгач, унинг оиласи билан алоқа қилиш барчага тақиқланади. Фарзандлар мажбурий меҳнатга жалб қилинади. Унинг укалари Муртазоқул, Мустафоқул ҳам таъқибга учрайди.

    Мана шундай хўрлик ва зулмдан оила аъзолари бирин-кетин қирила бошлайди. Шу тариқа етим қолган Ҳотам ва Муртазоқулнинг фарзандлари мутлақо бегона шахслар қўлига тушиб қолади. Айримлари бевақт ўлиб кетади. Айримлари эса яхши инсонлар қўлида етимликда катта бўлади. Улар ўз ўтмишини, асл фамилиясини яшириб яшашга маҳкум эди.

    Мустафоқулнинг тақдири

    Ота-онаси, акаларидан айрилган Мустафоқул Шерназаров ҳам таъқибда яшашга мажбур эди. Бу хокисор инсон таъқиб сабаб акаларининг фарзандларини ўз қарамоғига ололмайди. Уларни бегона оилалар паноҳида сақлашга мажбур бўлади. У имкон топиши билан Тошкентга бориб, акасининг дарагини топишга ҳаракат қиларди. Лекин ҳеч нарсага эришолмай қайтиб келарди. Халқ душманининг укаси сифатида ҳар эшикдан ҳайдалар, ҳамма жойда “Ҳотам Шерназоров ҳақида ҳеч нарса маълум эмас”, дея бир хил жавоб беришарди. Тошкентда ҳафталаб қолиб кетар, кўчада, перронларда тунашга мажбур бўларди. Акасига атаб олиб борган нон, туршакларни қайтишда бева-бечораларга ҳадя қиларди. Қишлоққа қайтгач эса яширинча Рўзихон, Янглиш, Бувойша, Ортиғойнинг ҳолидан хабар олиб турарди.

    Шу тариқа мулла Ҳотамнинг тирик қайтишига бўлган умид батамом сўнади. Энди қатағончилар Мустафоқулга кун бермасди. Қирқинчи йилларда Зомин туманининг йигирма чақиримча наридаги Қорапчи қишлоғига кўчиб кетишга мажбур бўлади. Бу ерда у Ахчахон қишлоқ кенгашига қоровул вазифасига ишга жойлашади ва Ҳалима деган аёлга уйланиб, бир неча фарзандли бўлади. Лекин бу ерда ҳам осон бўлмайди ва эллигинчи йилларда оиласини олиб Мирзачўлга кўчиб келади. Ниҳоят ҳозирги Ширин шаҳри Нуробод маҳалласида ўтроқлашиб қолади.

    Абадий адолат масканида

    Анҳор бўйидаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбони тинч-осуда, гулларга, ям-яшил майсаларга бурканган гўзал маскан. Тарихий манбаларда бу ерда қатағон йиллари миллатимизнинг юзлаб ўғлонлари отиб ташлангани айтилади. Хиёбон оралаб борар эканман, амаким Ҳотам Шерназаровнинг хоки ҳам шу ерда ётганмикин, деб тупроққа авайлаб қадам босаман. “Шаҳидлар хотираси” жамоатчилик фонди бош илмий ходими Баҳром Ирзаев мени хуш кутиб олди. Ҳаяжонимни яшира олмайман. Ҳозир мен эшитадиган хабарни иккита авлод билолмасдан армонда ўтиб кетган.

    Ҳаммаси тушунарли эди. Катта эҳтимол билан “қулоқ ва руҳоний кимса, ёт синф вакилига жисмоний ва руҳий таъқиб ўтказилган. Шунинг учун ҳам “учлик” чангалига етиб бормаган.

    Оққан дарё оқаверади

    Арслонлар юртида арслон улғаяр, деган нақл бор. Босқинчи тузум халқимизнинг асл фарзандларини йўқ қилишга кўп уринди. Эҳтимол, ўша вақтда боболаримиз жисмонан мавҳ этилгандир, аммо халқимиз ўзлигини, асл наслини сақлай олди. Масалан, озодлик курашчиси бўлган Ҳотам Шерназаров, қатағон қурбонлари Мустафоқул ва Муртазоқулнинг авлодлари истиқлол йилларида гуркиради, қанот ёзди! Жумладан, Ҳотам Шерназаровнинг Янглиш, Ортиғой исмли қизларидан кўплаб фарзандлари уста тадбиркор, санъаткор, муҳандис, таълим фидойиси бўлиб етишади!

    Мустафоқул Шерназаров авлодларининг барчаси ўқимишли, зиёли, эл орасида катта обрўга эга раҳбар инсонларга айланди. Унинг тўнғич ўғли Абдунаби Мустафоқулов етук раҳбар, устоз-муаллим, Аҳмадали Шерназаров устоз-журналист сифатида катта шуҳратга эришади. Улар фидокорона меҳнатлари учун давлат орден-медалларига сазовор бўлди. Ҳозир сон-саноқсиз набиралар орасидан ўнлаб врач, ҳуқуқшунос, ўқитувчи, журналист, муҳандис, дастурчилар етишиб чиққан. Улар жамиятнинг энг олди вакиллари сифатида соғлиқни сақлаш, таълим, суд-ҳуқуқ органлари, ОАВ, ахборот технологиялари, энергетика каби соҳаларда фаолият кўрсатяпти. Улар ўз ватани, миллий ўзликлари билан чексиз фахрланишади! Қатағонга учраган Шерназар бобо, озодлик учун курашда шаҳид кетган Ҳотам бобо томонидан қўйилган тамал тоши устига эзгулик ғиштини қўйишни ўзларининг бурчи деб билишади!

    Шерназар бобо авлодлари истиқлол қандай неъмат эканини ўз тақдирлари орқали яхши англайди. Бошқаларни ҳам уни асраб-авайлаш, шунга муносиб бўлишга чақиради. Ҳа, адолат тикланаётган Ўзбекистонда “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” деган ғоя атрофида жипслашишимиз шарт!

    Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ, журналист


    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 29.08.2024 й, 174-сонида чоп этилган)

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates