Президент чорвачилик кластерини кўздан кечирди

    Президент Шавкат Мирзиёев Зомин туманидаги “Jizzax Organiс” чорвачилик кластери фаолияти билан танишди.

    Умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган бу лойиҳа беш йил олдин ишга туширилган. Йирик мажмуада очиқ ва ёпиқ иншоотлар барпо этилган. Биринчи босқичда Европа давлатлари ва АҚШдан “Ангус”, “Герефорд” наслли 4 минг бош қорамол, Австралиядан “Дорпер” зотли 2 минг бош наслли қўй келтирилган.

    Мамлакатимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари – гўшт ва сут мўл ҳамда арзон бўлишида мана шундай мажмуаларнинг аҳамияти катта. “Jizzax Organiс” кластери ўн минг бош қорамол, тўрт минг бош қўй етиштириш қувватига эга. Йилига беш минг тоннагача гўшт етиштирилади. Бу ерда 750 киши доимий ишлайди.

    Корхонада барча иш жараёнлари рақамлаштирилган. Экин ерларининг 1 минг 300 гектарига сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Бу ишлар учун Австралия, Германия ва АҚШдан замонавий ускуналар келтирилган. Умуман, кластерда қиймати ўн миллион долларлик 200 га яқин техника бор. Яна бир муҳим жиҳати, бу ерда селекция ва генетик ишлар учун ҳам имкониятлар бор.

    Озуқа етиштириш учун 12 минг гектар ер ажратилган. Охирги ўн йиллар мобайнида фойдаланилмаган ерларнинг унумдорлигини тиклаш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Бунинг учун органик ўғитлар бериш, алмашлаб экиш тадбирларига аҳамият қаратилмоқда.

    Давлатимиз раҳбарига кластернинг янги лойиҳа ва режалари ҳақида ахборот берилди.

    Қайд этилганидек, 28 миллион доллар сармоя эвазига йилига 20 минг тонна сут ва 5 минг тонна гўштни қайта ишлаш кўзда тутилган. Яна 2 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш орқали озуқа етиштирилади.

    Чорвачиликда насл масаласи долзарб аҳамиятга эга. Лекин аҳоли боқаётган чорванинг зотдорлиги 10 фоиз атрофида. Шунинг учун сунъий уруғлантиришни кенгайтириш, маҳаллий наслларни яхшилаш зарур.

    Шуни ҳисобга олиб, кластер томонидан Зомин, Зарбдор ва Янгиободдаги 15 та маҳаллада “Ангус” зотли қорамолни кўпайтириб, сотиб олиш тизими йўлга қўйилади.

    Банклар орқали маҳаллаларга бериладиган молиявий хизматлар тўпламида чорвачиликни ҳам назарда тутиш, озуқа емни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.

    Шунинг билан давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифи якунланди.