Ўзбекистон Республикаси Президенти Эроннинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюрди

    Ҳукумат 21 май 2024 2133

    Давлатимиз раҳбари дипломатик ваколатхонада очилган Ҳамдардлик китобига самимий таъзия ва таскин сўзларини ёзиб қолдирди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Эрон Ислом Республикасининг элчихонасига ташриф буюриб, мамлакат шимолида вертолёт қулаши оқибатида Президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахслар фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан дўст Эрон халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

    Давлатимиз раҳбари дипломатик ваколатхонада очилган Ҳамдардлик китобига самимий таъзия ва таскин сўзларини ёзиб қолдирди.

    Ўзбекистон етакчиси элчи Муҳаммадали Искандарий билан қисқа суҳбатда Президент Иброҳим Раисий етук давлат арбоби ва сиёсатчи бўлгани, Эроннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳамда мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга, шунингдек, давлатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.

    Куни кеча Ўзбекистон Президенти Эроннинг Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик мактуби йўллаган эди.