Ўзбекистон-Германия: ҳамкорлигининг янги босқичи

    Жаҳоннинг етакчи мамлакатларидан бири Германия бугун Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантириш тарафдори бўлган мамлакатлардан биридир.

    Мамлакатимизга хорижий мамлакатлар етакчиларининг ҳар қандай ташрифи ташқи сиёсатимизда янги тарихий саҳифа очиш билан бир қаторда ҳамкорликнинг янги даврини ҳам бошлаб бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг фаол, прогматик, амалий ва одил сиёсати натижасида дунё биз билан ҳамкорликка интилмоқда. Жаҳоннинг етакчи мамлакатларидан бири Германия бугун Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантириш тарафдори бўлган мамлакатлардан биридир.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Олаф Шольцнинг 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга ҳизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

    Тарихга назар ташласак Ўзбекистон-Германия ўртасида сўнгги 5 йилда 4 маротаба олий даражадаги учрашувлар ўтказилган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг йилдан йилга дунёнинг сиёсий саҳнасида фаол давлатлардан бирига айланиб бораётганлигининг далилидир.

    Таъкидлаш жоизки, бу давр давомида икки мамлакат ўртасида барча даражалардаги алоқалар фаоллашди. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард евродан ошди. Йил бошидан буён мамлакатимиз иқтисодиётига Германия компанияларининг 800 миллион евролик инвестициялари киритилди.

    Шу йил ёзда Самарқанд шаҳрида Ибн Сино ва Генрих Шиппергес номидаги Тиббиёт фанлари олий мактаби очилгани, шунингдек, ўтган йили Берлин шаҳридаги Янги музейда Ўзбекистон маданий мероси кўргазмасининг ўтказилиши маданий соҳада муҳим воқеа бўлгани ва унга Германия пойтахтининг ярим миллиондан ортиқ аҳолиси ташриф буюргани ҳам икки давлат ўртасида нафақат иқтисодий-сиёсий балки илмий-маданий алоқалар ҳам қалинлашиб бораётганлигиниг далилидир.

    Ташриф давомида Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиб, унда Ўзбекистон-Германия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

    Саммит доирасида “яшил” энергетика, кимё саноати, ўта муҳим хомашёни ўзлаштириш, машинасозлик, тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олган бугунги кундаги аҳамиятли йўналишлардан бири Саноат ва технологиялар бўйича стратегик шериклик дастури юзасидан келишувлар олиб борилди. Жумладан, “Linde Group” компанияси билан “метанол ороли” барпо этиш ва “яшил” аммиак ишлаб чиқариш, “Giga Fiber” билан мис қазиб олиш ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш, “Siemens Energy” компанияси билан мамлакатимиз ҳудудларида буғ-газ электр станцияларини қуриш, “KfW Ipex-Bank” иштирокида йирик мис конини ўзлаштириш, “AMK Global” билан углерод толаси, “Guesscon” билан қора қурум ва водород ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб лойиҳалар энг муҳим лойиҳалардандир. Шунингдек, ўта муҳим хомашё ресурслари ва иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик бўйича имзоланадиган битимларнинг аҳамияти таъкидланди.

    Ташриф давомида меҳнат миграцияси соҳасида шаффоф ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан таъкидланди. Масъул идоралар даражасида талаб юқори бўлган ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва Германияга юбориш бўйича амалий ҳамкорлик "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Германиянинг дуал таълим тизимини Ўзбекистон ҳудудларида кенг жорий этишга қизиқиш билдирилди. Етакчи университетлар ўртасида таълим ва илмий алоқаларни ривожлантириш учун икки мамлакат олий ўқув юртлари форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ўзбекистон томони қўшма дастурларни амалга ошириш, Германия олий таълим муассасаларининг факультетлари ва филиалларини очиш учун барча шароитларни яратишга тайёрлигини билдирди. Учрашув якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.

    Умуммй олганда, расмий ташриф доирасида 8 та икки томонлама мамлакатимиз тараққиётига ҳизмат қилиши кўзда тутилган ҳужжатлар имзоланди, шу жумладан:

    - Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим. Маълумки миграция масалалари айниқса меҳнат миграциясини ҳуқуқий доирада тўғри ташкил этиш бугуннинг долзарб муаммоларидан биридир. Ушбу битимнинг тузилиши икки давлат учун ҳам тенг манфаатли бўлиб ҳисобланади.

    - Ветеринария ва чорвачилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро декларация. Таъкидлаш жоизки Ветеринария соҳадасида Германия ривожланган мамлакатлардан бўлиб, мамлакатимизда ушбу соҳани халқаро стандартларга жавоб берувчи даражага олиб чиқилишида ушбу декларация муҳим ўрин тутади.

    - “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасида сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро декларация. Марказий Осиёдаги иқлим ўзгариши, шу жумладан, баланд тоғларда жойлашган музликларнинг эриши, сув захиралари ва тупроққа жуда кучли таъсир кўрсатмоқда. “Яшил Марказий Осиё” ташаббусида иқлим ўзгариши оқибатлари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва у билан боғлиқ таҳликалар борасидаги минтақавий мулоқотлар ҳамда амалий ташаббуслар режалаштирилган.

    - Ўта муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация.

    - Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим.

    - Париж битими доирасида иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ўз навбатида Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияга аъзо давлатлар билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.

    Бундан ташқари, саммит доирасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган Технологик шериклик ва саноат кооперацияси дастури қабул қилинганлиги шунингдек, Ўзбекистон ва Германиянинг етакчи корхоналари даражасида бир қатор битим ва шартномалар тузилганлиги ушбу саммитнинг нақадар аҳамиятли ва натижавий эканлигининг яққол далилидир.

    Самарқандда Ўзбекистон ва Германия раҳбарларининг икки мамлакат бизнес доиралари билан учрашуви доирасида етакчилар томонидан қўшма Бошқарув кадрларини тайёрлаш мактабини очилиши кадрлар тайёрлаш сиёсатида ҳам муҳим ислоҳотларнинг бошланиши деб таъкидлаш мумкин.

    Саммит якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Канцлери Олаф Шольц Конгресс марказидаги хиёбонда биргаликда дарахт экдилар. Бу эса ўз навбатида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамда дўстона муносабатларда ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланиб бораётганининг рамзи бўлди.

    Муҳайё ИСМАИЛОВА,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    Тошкент шаҳар бўлими раҳбари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates