Ўзбекистон — янги олимпия мамлакати

    Франциянинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон спортчиларининг «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритган тарихий натижаларини ёритишда давом этяпти.

    «Ўзбекистон спортчилари «Париж-2024»да муваффақиятли иштирок этди. Жами 13 та медаль (8 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза) қўлга киритган ўзбек атлетлари ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган 206 давлат орасида 13-ўринни эгаллади», — дейилади «lagazetteaz.fr» ахборот агентлиги тарқатган «Ўзбекистон – янги олимпия давлати» сарлавҳали мақолада.

    Унда ёзилишича, эркаклар ўртасидаги бокс баҳсларида Ўзбекистон бутун мусобақа давомида устунлик қилди ва еттита олтин медалдан бештасини қўлга киритди. Хусусан, 51 килограммгача вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов, 57 килограммгача бўлган вазн тоифасида Абдумалик Халоқов, 71 килограммгача вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев, 80 килограммгача вазн тоифаси Лазизбек Муллажонов ва +92 килограмм вазн тоифасида Баҳодир Жалолов чемпионликни тантана қилди. Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов эса иккинчи марта ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлдилар.

    «Бундан ташқари, Улуғбек Рашитов ҳам таэквондо бўйича ўзининг иккинчи чемпионлигини нишонлади. Мазкур натижа Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тўғри йўсинда олиб борилаётганидан далолат беради», – дейилади мақолада.

    Яна бир унутилмас воқеалар 26 ёшли дзюдочи Диёра Келдиёрова билан содир бўлди. У Парижда 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида япониялик машҳур курашчи Ута Абени, француз Амандине Бушардни ва косоволик Дистриа Красничини мағлубиятга учратиб, Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритган илк ўзбекистонлик аёл спортчига айланди.

    «Кумуш медалларни таэквондо бўйича Светлана Осипова, оғир атлетикада эса Акбар Жўраев қўлга киритди. Бронза медалларига дзюдо бўйича Музаффарбек Тўрабоев (-100 кг), Алишер Юсупов (+100 кг), шунингдек, эркин кураш бўйича Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг) эга чиқди», – деб таъкидланган материалда.

    «lagazetteaz.fr» ахборот агентлигининг ёзишича, Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси аъзолари спортнинг сувга сакраш, камондан отиш ва хотин-қизлар кураши турларида дебют қилди ҳамда мамлакатнинг спорт салоҳияти юксалиб бораётганини намойиш этди. Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг ёзги Олимпия ўйинларига қўлга киритган илк йўлланмаси мамлакатда жамоавий спорт турлари ҳам ривожланаётганини кўрсатди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    «2024 йилги ёзги Олимпия ўйинлари Ўзбекистоннинг юксак спорт салоҳиятига эга мамлакат эканлигини билиш имконини берди. Халқаро жамоатчилик 2028 йилда АҚШнинг Лос-Анжеллесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг чиқишларини интизорлик билан кутади», – дея қайд этган «lagazetteaz.fr».

    Нуфузли «Le Figaro» газетаси сайтига жойлаштирилган Ўзбекистоннинг «Париж-2024» Олимпия ўйинларидаги оламшумул ғалабаларига бағишланган мақолада таъкидланганидек, ўзбек спортчиларининг натижалари бутун дунёни ҳайратда қолдирди. «Ўзбекистоннинг Парижда 13 та медаль, жумладан, 8 та олтин билан умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллаши мамлакатнинг спорт бўйича сиёсатидаги ўзига хос стратегиянинг самараси бўлди», – дейилади нашрда.

    Газетада таҳлилчи Лукас Обиннинг қўйидаги сўзларидан иқтибос келтирилган: «Баъзи давлатлар ўз спортчиларини маълум бир спорт турларига чуқур ихтисослаштириб, Олимпия ўйинларида самарали натижалар кўрсата олади. Масалан Ўзбекистон, шунингдек, бир нечта спорт турларини ривожлантиришда ижобий натижаларга эришган Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузияни қайд этиш мумкин».

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates