Олима ўзи ўқиган мактабга борди

    Илм – бахтга етакловчи йўл. У инсонни шарафлайди, камолотга етказади. Меҳнати игна билан қудуқ қазишга қиёсланган олим халқ равнақи ва жамият ривожига хизмат қилади. Агар у аёл киши бўлса, жамиятга икки карра наф келтиради.

    “Олим ўқиган мактаб” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир ТДТУ Олмалиқ филиали математика ва информатика кафедраси мудири, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Дилдора Сулаймонова ўқиган Оҳангарон тумани Қорасувёқа маҳалласидаги 32-мактабда бўлиб ўтди. Қурама тоғлари этагида жойлашган Оҳангарон туманидаги сўлим қишлоқ мактабида олий таълим тизими вакилларининг мактаб жамоаси ва ўқувчилари билан самимий учрашуви кўпчиликнинг ёдида узоқ сақланиб қолади.

    Тадбирда олиманинг ҳамкасблари, устозлари, синфдошлари, оила аъзолари иштирок этди. Улар олис ўқувчилик даврини, ўқитувчиларнинг ўгитларини ёдга олишди. Инсоннинг камол топиши, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишида оиланинг, ота-онанинг ўрни беқиёс. Фарзандларининг таълим-тарбиясига алоҳида диққат-эътибор қаратган Бахтиёр ота Сулаймонов хотираси ёдга олинди, тадбир иштирокчилари олиманинг волидаси Жанглиш онага узоқ умр тилади.

    Халқимизда аёлга муносабат ўз тарихий илдизларига эга. Аждодларимиз доим аёлларни қадрлаш, ўқитиш ва уларга ҳурматда бўлишга ундаган. Абдулла Авлоний “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”, деб ёзган эди. Тоғ-кон саноати, иқтисодиёт соҳалари учун малакали мутахассислар тайёрлашда билими, иқтидори ва салоҳияти билан самарали ҳисса қўшиб келаётган олима илмий изланиш ва тадқиқотларини изчил давом эттирмоқда.

    Ўз ҳаётий нуқтаи назари, қатъий шижоати ҳамда гўзал инсоний фазилатларга эга Дилдора Сулаймонованинг илмий-педагогик фаолиятига бағишланган тадбир қишлоқ мактабидаги кўплаб ўқувчиларда ҳавас уйғотди. Тадбирда ТДТУ Олмалиқ филиали истеъдодли талабалари, мактаб ўқувчилари ижросидаги қўшиқ ва рақслар, “Қалпоқ” ҳажвий гуруҳи саҳна кўринишлари йиғилганларни хушнуд этди.