Норқобил Жалил ва Рўзимбой Ҳасан ҳаммуаллифлигидаги янги тарихий бадиа тақдимоти ўтказилди

    «Генерал Жўрабек: давр ва қисмат»номли китоби тақдимотида адабиётшунос ва журналист-ижодкорлар, кўплаб ўқирманлар иштирок этди.

    23 январь куни Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Рўзимбой Ҳасаннинг «Генерал Жўрабек: давр ва қисмат»номли китоби тақдимотида адабиётшунос ва журналист-ижодкорлар, кўплаб ўқирманлар иштирок этди.

    Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, атоқли журналист Аҳмаджон Мелибоев, профессор Нурбой Жабборов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад асарнинг бугунги кундаги аҳамияти, кўтарилган мавзу ва ёзувчиларнинг меҳнати борасида ўз фикрларини билдирди.

    Тарих – инсониятнинг ортга қайтариб бўлмайдиган, қайта ёзилмайдиган нодир ўтмиши, кашф этилмаган буюк хазина.

    Аёнки, холис ва ҳаққоний, адолатли ёритилган тарихий ҳақиқатларгина халқнинг бебаҳо мулкига айланади.

    Шу маънода шўролар замонида «ғоят зиддиятли ва мураккаб шахс» сифатида талқин қилинган ҳарбий арбоб, маърифатпарвар инсон Жўрабек Қаландар қори ўғли тақдири ҳақида мустақиллик даврига келибгина тўғри, холис баҳони айтиш имконига эга бўлдик.

    Мазкур китобда муаллифлар бир ярим асрдан кўпроқ давр аввал Туркистон заминида рўй берган ҳодисотлар, тахт ва мансаб, бойлик талашиш ортидан келиб чиққан уруш-низолар, талотумларни бугунги кун назари билан таҳлил қилган.