Шоиранинг “Ишқ ҳандасаси” шеърий тўпламидан унинг турли йилларда ёзилган энг сара шеърлари ўрин олган. Унинг шеърларида беғуборлик, жўшқинлик, теран мунг, ишқ, ўзбек қизининг ибо-ҳаёси, андишаси... бир сўз билан айтганда, нозик қалб жозибаси бор бўйи билан номаён бўлади. Бетакрор оҳанг ҳарорати адабиёт ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди.
Китоб “Адабиёт” нашриётида чоп этилган бўлиб, унга Шуҳрат Азизов муҳаррирлик қилган.
Гуландом Тоғаеванинг “Аждодлар хазинаси”, “Шукрона”, “Илм қудрати”, “Саодатли умр”, “Умрбоқий қўшиқлар”, “Сиз соғинган қўшиқ”, “Халқ виждони”, “Маънавият дарғалари”, “Чироғи ёниқ уй” каби бир қанча телелойиҳалари томошабинлар эътиборини қозонди. Шунингдек, “Чақмоқ хўрсиниқлари”, “Муҳаббат асри”, “Мен излаган кема”, “Ўн етти ёшлилар мамлакати”, “Сувайдога йўл”, “Ишқ ҳандасаси” каби шеърий тўпламлари нашр қилинган.
“Матбуот ва тасаввуф”, “Эзгуликнинг бадиий инъикоси”, “Миллий тафаккур поэтикаси қирралари” каби рисолалари, “Тасаввуф адабиётининг ўзбек матбуотида ёритилиш масалалари”, “Тасаввуф адабиёти ва Фаридиддин Аттор ижоди” номли 2 та монографияси, “Табиий фанларнинг замонавий концепцияси” номли дарслиги ва “Илмий тадқиқот методологияси” номли ўқув қўлланмаси чоп қилинган.