Сўнгги 5 йилда Ўзбекистоннинг ИҲТ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 37 фоизга ўсди ва 2023 йил якунига кўра 12,3 миллиард долларни ташкил этди. Фақат шу йил бошидан буён ИҲТ мамлакатлари капитали иштирокида мамлакатимизда 900 дан ортиқ янги корхоналар ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 5 мингтага етди. Охирги уч йилда ИҲТ давлатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар оқими 5 миллиард доллардан ошди.
Лазиз Кудратов дунё энергетика ресурсларининг учдан бир қисмига эгалик қилувчи, жами ярим миллиард аҳоли истиқомат қилаётган ҳамда савдо-иқтисодий, транспорт, саноат ва энергетика соҳаларида алоқаларни кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда Ташкилот Котибиятининг муҳим ролини юқори баҳолади.
Ўз навбатида, Асад Мажид Хон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади ва Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган концептуал лойиҳа ва ташаббусларини биргаликда ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Бунда гап ИҲТ мамлакатлари билан келишиш жараёнида бўлган Савдони осонлаштириш бўйича ИҲТ келишуви лойиҳаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш концепцияси каби ҳужжатлар ҳақида борди.
Музокаралар якунида томонлар Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга собитлигини тасдиқладилар ва 2025 йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган ИҲТга аъзо мамлакатларнинг “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” саноат кўргазмасида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.