«Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасида 2025 йил якунига қадар «Евро – 4» стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш таклиф қилинмоқда.
2024 йилнинг 29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йилдан АИ-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ берилди.
Долзарблиги
Бугунги кунда республикамизда транспорт воситаларининг сони кескин ортиб бормоқда. Транспорт воситалари сонининг ўсиши республика, айниқса, Тошкент шаҳрида, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига, соғлиққа боғлиқ муаммоларнинг кўпайишига, шунингдек, шаҳарларда чанг, зарарли газлар ва тутун миқдорининг ортиши билан боғлиқ аҳоли мурожаатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Халқаро статистик маълумотларга кўра, дунё миқёсида атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддаларнинг 59 фоизи транспорт воситалари, 21 фоизи саноат корхоналари, ва 20 фоизи электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳиссасига тўғри келади.
АИ-80 маркадаги бензиндан фойдаланганда атмосферага карбонат ангидрид, азот оксидлари, олтингугурт диоксиди, углеводородлар ва ПМ2.5 ифлослантирувчи моддалари бошқа турдаги мотор ёқилғиларига нисбатан кўпроқ ташланади. АИ-80 маркадаги бензиндан фойдаланиш атмосферада ифлослантирувчи моддалар ва оғир металларнинг тўпланиб қолишига олиб келади.
Амалиётга татбиқ этилиши
Лойиҳада 2025 йил якунига қадар «Евро – 4» стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш илгари сурилган. Шунингдек, республиканинг йирик шаҳарларида, жумладан, Тошкент шаҳрида автотранспорт воситаларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар миқдорининг кескин ошиши ҳамда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш мақсадида 2025 йил 1 мартдан АИ-80 маркадаги бензин ёқилғисини божхона расмийлаштирувларидан ўтказиш ва «эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимига жойлаштиришни қатъиян тақиқлаш таклиф қилинмоқда.
Қолаверса, 2026 йил 1 январдан республикада ташкилий тузилмасидан қатъи назар АИ-80 маркадаги бензин ёқилғисини ишлаб чиқаришни тақиқлаш мақсадга мувофиқ.
Халқаро тажриба
Европа Иттифоқи давлатлари «ЕВРО» стандартлари орқали автомобиль ёқилғиси сифатини қатъий назорат қилади. 2005 йилда жорий этилган ЕВРО-4 стандарти АИ-80 каби паст сифатли ёқилғидан фойдаланишни тақилайди. Эфиопия 2024 йил январь ойида бензин ва дизель ёқилғили транспорт воситаларини импорт қилишни тақиқлаган. Бу қарор мамлакатнинг ёқилғи импортига сарфланадиган харажатларини камайтирган ва атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатган.
Чили ва АҚШ 2035 йилгача бензинли автомобилларни сотишни тўхтатишни режалаштирган, бу қарор атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва углерод чиқиндиларини камайтириш мақсадида қабул қилинган. МДҲ (Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон) давлатларида эса АИ-80 бензини ва бошқа паст октанли ёқилғилардан фойдаланиш тақиқланган, шунингдек, юқори октанли бензин маркаларига ўтиш ва электр транспорт воситаларини импорт қилиш учун солиқ имтиёзлари берилган.
Қандай фойда беради?
АИ-80 маркадаги бензин ёқилғисидан воз кечиш натижасида транспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажми кескин камайиб, нафақат ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланади, балки аҳоли саломатлиги мустаҳкамланади, атроф-муҳит муҳофазаси кучаяди. Шунингдек, экологик тоза транспорт технологияларининг жорий этилиши иқтисодиётнинг инновацион ривожланишига туртки бўлиб, янги иш ўринлари яратилиши ва халқаро экологик стандартларга мувофиқ қадам ташлаш имконини беради. Бу ўз навбатида мамлакатнинг халқаро майдонда экологик нуфузини оширади.